ЎзА Ўзбек

10.08.2018 21:18 Чоп этиш версияси

Меҳрибонлик уйи ходимларига енгил жазо тайинландими? Вилоят суди бунга жавоб қайтарди

Меҳрибонлик уйи ходимларига енгил жазо тайинландими? Вилоят суди бунга жавоб қайтарди
Марғилон шаҳридаги Меҳрибонлик уйининг собиқ директори ва ходимларига нисбатан суд ҳукмига оид мақола uza.uz сайтида эълон қилинди. Ижтимоий тармоқларда Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаеванинг Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйи мансабдор шахсларига нисбатан чиқарилган ҳукм билан судланган шахсларга нисбатан енгил жазо тайинлангани ҳақидаги чиқиши берилди. Шунингдек, бу бўйича турли эътирозлар билдирилмоқда. 

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди бу борада Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАга қуйидагиларни маълум қилди.

Дарҳақиқат, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди томонидан Марғилон шаҳар 1-сонли Меҳрибонлик уйи директори лавозимида ишлаган К.Якубов Ўзбекистон Республикаси ЖК 207-моддасининг 1-қисми, 115-моддасининг 1-қисми, 167-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 209-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга нисбатан жиноятлар мажмуи тариқасида 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Тушунтириладики, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Жиноят кодекси 207-моддасининг (мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисмида кўрсатилган жиноят учун ушбу модда санкциясида энг юқори жазо 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 115-моддасининг (аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш) 1-қисмида 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 209-моддасининг (мансаб сохтакорлиги) 1-қисмида 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 167-моддасининг (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисмида 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. 

қ7евеқ7смв72578-3.jpg

Қонунда шунингдек, 167-моддасининг 4-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди деб кўрсатилган.

Тергов органи томонидан К.Якубов вояга етмаган фарзанди А.Ёқубовни жиноятга, яъни Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига нисбатан қонунсиз ҳаракат қилишга жалб қилган деб, топилган ва Ўзбекистон Республикаси ЖК 127-моддаси (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) 3-қисми “в” банди билан айбланган. Бу тоифа жиноят учун беш йилдан ўн йилгача жазо белгиланган.
Терговда К.Якубовнинг 2005 йил 5 октябрда туғилган 12 ёшли вояга етмаган фарзанди А.Ёкубов жиноий жавобгарликка тортиш ёшига етмагани сабабли, жиноят ишининг унга нисбатан қисми ЖПКнинг 84-моддаси 5-қисми 3-бандига асосан ҳаракатдан тугатилган.
Бир неча ой давом этган суд жараёнида вояга етмаган А.Ёқубовнинг Меҳрибонлик уйига келиб туриши, тенгқур болалар билан ўйнаши, кичик ёшдаги болаларни ўйнатгани, жаҳли чиққанда уларни ургани, сўккани ҳақида кўрсатмалар берилган.
Аммо, айни К.Якубов фарзандини жиноий ҳаракатга жалб этганини тасдиқловчи бирон бир далил топилмаган, жабрланувчи ва гувоҳлар бу ҳақда кўрсатма беришмаган. Ваҳоланки, қонунга кўра К.Якубовни бу модда билан айблаш учун унинг томонидан вояга етмаган шахсни маълум бир жиноят содир этиш учун ҳаракатларни бажаришга кўндиришга ёки жалб этишга қаратилган бирор-бир аниқ ҳаракат мавжуд бўлиши керак эди. Шу сабабли, К.Якубовнинг айбидан Ўзбекистон Республикаси ЖК 127-моддаси 3-қисмининг “в” банди чиқарилган.

Бундан ташқари, суд томонидан Меҳрибонлик уйи маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлаган С.Усманов, Меҳрибонлик уйи фельдшери вазифасида ишлаган И.Йўлдошев, Меҳрибонлик уйи тарбиячиси вазифасида ишлаган Ҳ.Якубова, Р.Абдуфаттоев, Н.Солиева, Меҳрибонлик уйи энагаси вазифасида ишлаган Д.Жўрабоева, Х.Тўраева, Меҳрибонлик уйи бош ҳисобчиси лавозимида ишлаган А.Муйдинова, ҳисобчи А.Саидкамоловаларга нисбатан улар айбланган моддалар санкцияси доирасида жазо тайинланган.

Юқоридаги чиқишларда билдирилган Меҳрибонлик уйи фаолияти устидан вазифасига кўра назорат қилиши зарур бўлган мансабдор шахсларга нисбатан чора кўрилмади, деган эътироз юзасидан вилоят суди томонидан ҳукм билан бир вақтда – жорий йилнинг 6-август куни Марғилон шаҳар 1-сонли Меҳрибонлик уйи мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан содир этилган жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган ш
арт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида Фарғона вилоят халқ таълими бошқармасига ҳамда Марғилон шаҳар 1-сонли Меҳрибонлик уйига нисбатан хусусий ажримлар чиқарилгани ва тарафларга эълон қилингани билдирилади.

Қонунга кўра хусусий ажрим суд ҳукми қонуний кучга кирганидан сўнгина тегишли манзилга кўриб чиқиш учун юборилади. 

Шунингдек, Меҳрибонлик уйи ходимлари ва раҳбарлари томонидан содир қилинган бошқа оғир жиноятлар–тарбияланувчиларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар бўйича жиноят иши жабрланувчиларнинг қадр-қимматини асраш учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 560-моддасига кўра алоҳида иш юритувига ажратилган ва ҳозирда вилоят судининг ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилмоқда.

Мазкур иш бўйича ҳам судлов якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Қонунда белгиланган муддатда мазкур суд якуни ҳақида ва юқори идораларга юборилган хусусий ажрим ижроси ҳақида тегишли тартибда маълум қилинади.

М.Сулаймонов, ЎзА
43 298