ЎзА Ўзбек

07.03.2018 15:15 Чоп этиш версияси

Меҳр ва эътибордан баҳраманд аёллар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимизда хотин-қизлар ўз имконият ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратилаётгани таъкидланди. Айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳимоясининг ишончли кафолатлари мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлашда алоҳида ўрин тутмоқда.

Ёнғин хавфсизлиги институтида ҳозир 25 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Улар орасида давлат мукофотлари билан тақдирланган, хизмат уй-жойлари билан таъминланганлар ҳам бор.

– Хотин-қизларга меҳр ва эътибордан кўра яхшироқ совға бўлмаса керак, – деди институтнинг хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси, подполковник Барно Йўлдошева. – Биз давлатимизнинг юксак эътиборини ҳар доим ҳис этиб яшаймиз. Аёлларга мамлакатимиз, ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган улкан ғамхўрлик сабабли ўзимиз истаган касб билан шуғулланиб, фарзандларимизни тарбиялаяпмиз. Аёл учун бундан ортиқ бахт йўқ.

Ёнғин хавфсизлиги институтида узоқ йиллар меҳнат қилган, ўз соҳасининг етук мутахассислари бўлган бир гуруҳ хотин-қизларга эсдалик совғалари ва мукофотлар топширилди.

Тадбирда Ички ишлар вазирлигининг ашула ва рақс ансамбли хонандалари ҳамда бадиий ҳаваскорлик тўгараги аъзолари ижросида концерт дастури намойиш этилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
7 377