Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.03.2017 11:55 Чоп этиш версияси

Меҳр тафти

Бу йил баҳорнинг бошланиши, илиқ кунлар ҳар йилгидан кечикаётгандек таассурот уйғотади. Март ойининг учдан бири ўтган бўлса-да, ҳаво ҳарорати кўтарилаётгани сезилмайди. Лекин баҳорнинг дастлабки кунларида пойтахтимизда Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимнинг таассуроту ҳайратлари ҳар бир хонадонга ўзгача руҳ олиб киргани, ҳар бир оила бекаси, аёл қалбини қайноқ меҳр тафти билан тўлдиргани бор гап.

Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, барча хотин-қизларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатгани, байрам билан табриклаганидан бошимиз кўкка етди.

Аёлни эъзозлаш, хотин-қизларга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос азалий қадриятларимиздан. Кўп мингйиллик тарихимизга назар солсак ҳам, аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган анъана ва қадриятларимиз, миллий-маънавий меросимиз замирида ҳам оналар, опа-сингилларимиз ва қизларимизни асраб-авайлаш, уларни улуғлашдек эзгу мақсадлар мужассамлигини кўрамиз.

Ватанимиз мустақилликка эришгач, бу боқий қадрият янада кенг кўлам, улуғворлик касб этди. Аёлнинг нафақат оиладаги бекалик ўрни, балки жамиятдаги ижтимоий фаоллиги ҳам ошди. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб турмуш шароити яратиш, рўзғор юмушларини енгиллаштириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Аёл бахтли бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам”, деган чуқур маъноли сўзлари ушбу йўналишда олиб борилган амалий ҳаракатларнинг бош мақсадига айланди.

Давлатимиз раҳбари тадбирда бу борадаги ишлар янги босқичда изчил давом эттирилишини қайд этиш билан бирга, олдимизда турган муҳим вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, хотин-қизлар учун бугунги кун талаблари даражасида шарт-шароит яратиш, тиббий хизмат сифатини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, фарзанд тарбиясида оила, маҳалла, таълим муассасаси ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб берди. Бу вазифаларни амалга оширишда биз – аёллар ҳам фаол иштирок этиб, ушбу эзгу мақсадлар рўёбига ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Пойтахтдаги байрамдан баҳорий илиқлик, янгиланиш ва яшариш нафасини ҳис қилиб қайтдик. Бир неча кунки, ана шу кўтаринки руҳ, юқори кайфият билан вилоятимизда ўтказилаётган байрам тадбирларида қатнашиб, таассуроту ҳаяжонларимизни опа-сингилларимиз, қизларимиз билан баҳам кўряпмиз.

Зайнаб Ҳайдарова,

Самарқанд вилояти, Нарпай туманидаги
“Меҳнат-роҳат” фермер хўжалиги бошлиғи.

ЎзА
1 995






Все о погоде - Pogoda.uz