Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 20:22 Чоп этиш версияси

Меҳр-мурувватдан нурафшон кўнгиллар

Меҳр-мурувватдан нурафшон кўнгиллар Энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган мурувват тадбирларида имконияти чекланган фуқароларнинг бир гуруҳига Президент совғаси – замонавий уйлар берилаётгани улар қалбини чексиз қувончга тўлдирмоқда.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида амалга оширилаётган тадбирларнинг барчаси халқимизга хос меҳр-оқибат, бағрикенглик, мурувват ва саховатпешалик каби олижаноб фазилатларни ўзида мужассам этган. Бу Халқ қабулхонаси томонидан оддий одамларнинг ҳаётий талаб ва эҳтиёжларини қондириш борасида олиб борилаётган ишларда ҳам ўз ифодасини топаётир.

Жиззахда эҳтиёжманд оилалар, жисмоний имконияти чекланган фуқароларга Президент совғаси – янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойларни тантанали топшириш маросимида ҳам бундай фазилатлар янада яққол намоён бўлди.

Шароф Рашидов туманидаги Учтепа массивида 24 хонадонга мўлжалланган икки қаватли янгиланган лойиҳа асосида замонавий уй қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу уйнинг ҳар бири 2-3 хонадан иборат 6 хонадони эҳтиёжманд фуқароларга берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонаси, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик иштирок этган тадбирда мамлакатимизда аҳолини қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этиш, оғирини енгил қилиш борасида кўрсатилаётган ғамхўрликлар уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

– Ўз уйимга эга бўлиш мен ва оилам учун кутилмаган бахт бўлди, – дейди А.Низомов. – Уч фарзандимиз билан уй-жойсиз бировларнинг омонат бошпаналарида вақтинчалик яшашнинг ўзи бўладими? Уч хонали шинам уйга эга бўлганимиздан кўксимиз осмон қадар кўтарилди. Бундай эзгу ишлар бошида турган давлатимиз раҳбарига, ҳукуматимизга раҳмат.

Эр-хотин Низомовлар оиласи шу куни ишли ҳам бўлди. Туман ҳокимлиги кўмагида улар ҳудуддаги пахта тозалаш корхонасида шартнома асосида иш бошлади.

Янги уйлардан бири туманнинг Қўшкўприк маҳалласида акалари билан тор ҳовлида яшаб келаётган Жасур Рашидовга берилди. Ўзи ҳам, турмуш ўртоғи ҳам ногирон бўлгани боис алоҳида уй-жой қилиб чиқиб кетиш имконини қилолмаётган эди. Халқ қабулхонаси тавсияси билан унинг мурожаати ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди ва янги уйдаги 3 хонали хонадонлардан бири унга ажратилди.

– Тўрт мучаси соғ одам ҳаракат қилса, ўзига бошпана қилиб олади, бироқ меҳнат қобилияти чекланган инсон ўзгалар кўмагига муҳтож бўлиб қолар экан, – дейди Ж.Рашидов. – Бахтимга шундай бағрикенг юртим, халқпарвар Президентимиз борлиги учун шукр қиламан. Эҳтиёжманд оилалар, кўнгли ярим инсонларга бахтиёр яшаш қувончини бахш этаётган, инсон шаъни, қадр-қиммати улуғланадиган Ватан фуқароси эканимдан фахрланаман.

– Тақдир мени ногирон қилиб яратгани етмагандай, яқинларим йўқлиги туфайли ҳаётим изтиробдан иборат эди. Қирқ йил умрим бировларнинг хонадонида ўтди. Халқ қабулхонасига қилган мурожаатим эътиборсиз қолмай, Президентимиз томонидан менга 2 хонали уй барча жиҳозлари билан совға қилинди. Ногирон бўлсам-да, қўлимдан иш келади. Пахта заводига касаначилик асосида ишга қабул қилиб, тикув машинаси берилди. Давлатимизнинг бу яхшиликларига ҳалол меҳнатим билан жавоб бераман, – дейди икки хонали уйга эга бўлган Муҳайё Холбоева.

Давлатимиз томонидан инсон манфаатларини таъминлаш, аҳолининг барча қатлами турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, айниқса, кам таъминланган ва ўзгалар кўмагига муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароити яратишдек олижаноб мақсадга қаратилган аниқ манзилли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу эзгу мақсад Ватанимиз мустақиллиги байрамига бағишлаб вилоят ҳокимлиги, Халқ қабулхонаси жамоатчилик вакиллари иштирокида Жиззах шаҳридаги “Баҳора” тантаналар мажмуасида жисмоний имконияти чекланганлар учун ўтказилган учрашувда ҳам ўз ифодасини топди.

Учрашувда 28 ногиронга имтиёзли кредит асосида уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи сертификат топширилди. Эҳтиёжманд фуқаролардан 46 нафарига катталар, 15 нафарига болалар ногиронлик аравачаси, 17 нафарига эшитиш мосламаси ва бошқа воситалар топширилди.

Шу куни Зомин туманидаги Мурувват уйида истиқомат қилувчилар билан учрашув ва байрам тадбири ўтказилди. Меҳр-мурувватга эҳтиёжманд аёллар давлатимиз эътибори ва ғамхўрлигидан кўнгиллари кўтарилиб, юртимизга тинчлик, фаровонлик тилаб дуо қилди.

Тадбирларда Жиззах вилояти ҳокими У.Узоқов сўзга чиқди.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА
2 961






Все о погоде - Pogoda.uz