Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

30.08.2017 10:32 Чоп этиш версияси

Меҳр-мурувват байрами бўлади

“Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивали шукуҳи билан яшаётган самарқандликлар яна икки қутлуғ байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги ҳамда Қурбон ҳайитига қизғин ҳозирлик кўрмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 24 августдаги “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Қурбон ҳайитининг биринчи куни – 1 сентябрь байрам куни деб белгиланди. Шу тариқа бу йил халқимиз Мустақиллик куни ва Қурбон ҳайитини бир кунда қўшалоқ байрам сифатида нишонлайди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимлари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида шаҳару қишлоқларда “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ўтказилаётган тарғибот тадбирларида ушбу икки қутлуғ байрамнинг мазмун-моҳияти, халқимиз маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритилмоқда. Мустақиллик туфайли тикланган диний байрамларни нишонлаш, ибодат амалларини тўла бажариш учун барча шароит ва имконият яратилди.

– Қурбон ҳайитининг энг муҳим амалларидан бири ҳисобланган Ҳаж зиёратини амалга ошириш учун бу йил вилоятимиздан 450 киши Саудия Арабистонига кузатилди, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили З.Эшонқулов. – Бунинг учун уларга давлатимиз томонидан барча шароит яратилди. Зиёратчилар Самарқанд халқаро аэропортидан махсус рейслар орқали ушбу мамлакатга жўнатилди. Уларни муборак сафардан кутиб олиш бўйича ҳам вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирлар белгиланган. Бундан ташқари, шу кунларда имом-хатибларимиз маҳалла фуқаролар йиғинлари билан биргаликда жойларда ҳашарлар уюштириб, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳудудида ободонлаштириш ишларини олиб бормоқда. Ҳайит намози ўқиладиган масжидлар атрофи ободонлаштирилиб, тегишли идоралар томонидан хавфсизлик чоралари кўрилаётир. Биноларнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўрганилмоқда.

Халқимизга хос меҳр-мурувват ва саховатпешалик фазилатлари, айниқса, байрамлар арафасида янада яққол намоён бўлади. Қурбон ҳайити муносабати билан ҳам маҳаллий ҳокимликлар, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман, шаҳар бўлимлари ва бошқа ташкилотлар томонидан кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, ногирон ва беморлар ҳолидан хабар олиш, уларга совғалар бериш режалаштирилган. “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими вакиллари эса Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хонадонига бориб, уларни байрам билан табрикламоқда, эсдалик совғалари топшираётир.

Ҳайит куни вилоятдаги маданият ва истироҳат боғлари, аҳоли гавжум масканларда байрам сайиллари ўтказилади. Меҳрибонлик, Саховат ва Мурувват уйларида ҳомийлар томонидан байрам дастурхонлари ёзилади.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
1 928






Все о погоде - Pogoda.uz