ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Меҳнат шартномаси: ходимларга берилган кафолат ва имтиёз иш берувчи манфаатига зид бўлиб қолиши мумкин

Меҳнат шартномаси: ходимларга берилган кафолат ва имтиёз иш берувчи манфаатига зид бўлиб қолиши мумкин


Давлатимизда ижтимоий масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, фуқароларнинг меҳнат қилиш, муносиб турмуш кечиришлари учун даромад манбаига эга бўлишлари билан боғлиқ ҳуқуқлари таъминланиб келинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, меҳнат ҳуқуқи айрим ҳолларда ходим, айрим ҳолларда иш берувчи манфаатига хизмат қилади. Иш берувчи эса юқорида тилга олинган давлат ҳимоясидаги тадбиркор бўлиши ёки бюджет ташкилоти бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси (кейинги ўринларда – Меҳнат кодекси) 2-моддасида меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ходимлар, иш берувчилар, давлат манфаатларини эътиборга олган ҳолда, меҳнат бозорининг самарали амал қилишини, ҳаққоний ва хавфсиз меҳнат шарт-шароитларини, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва соғлиғи ҳимоя қилинишини таъминлайди, меҳнат унумдорлигининг ўсишига, иш сифати яхшиланишига, шу асосда барча аҳолининг моддий ва маданий турмуш даражаси юксалишига кўмаклашиши назарда тутилган.

Шундай қилиб, меҳнат қонунчилиги юқоридаги қоидага асосланган трипартизм принципи асосида шаклланган.

Меҳнат муносабатларида иш берувчи билан ходим ўртасида бўйсунувнинг мавжуд эканлиги эса, ходимлар ҳуқуқларини турли воситалар орқали ҳимоя қилиниши кераклигини англатади.

Меҳнат кодексида ходимларга турли кафолат ва имтиёзлар белгилаб қўйилганлиги ҳам айрим иш берувчиларнинг манфаатларига маълум даражада зид бўлиб қолиши мумкин. Айниқса, муддатли меҳнат шартномасини тузишда меҳнат қонунчилигида айрим чекловларнинг мавжудлиги ҳам иш берувчилар томонидан қонунни айланиб ўтиш йўлларини излашига олиб келади. Жумладан, муддатли меҳнат шартномаси тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда иш берувчи ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун келишувини тузиши мумкин.

Барчамизга маълумки, Меҳнат кодексининг 75-моддасида меҳнат шартномалари номуайян муддатга, 5 йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга, шунингдек, муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин эканлиги, 76-моддада эса, иш берувчи фақат айрим ҳоллардагина муддатли меҳнат шартномасини тузиш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатилган. Хусусан, 76-моддада муддатли меҳнат шартномалари бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган тарзда, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда; корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини бажарувчи ходим билан; қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда тузилиши мумкин.

Қонунда назарда тутилган ҳолларга алоҳида тоифадаги ходимлар учун ўрнатилган муддатларни мисол қилишимиз мумкин. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралда қабул қилинган “Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 20-сонли қарорининг 3-бандига кўра Олий таълим муассасасининг кафедра мудири, профессори, доценти, катта ўқитувчиси, ўқитувчиси (ассистенти), ўқитувчиси-стажёри лавозими беш йил муддатга танлов бўйича эгалланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 сентябрда қабул қилинган “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3276-сонли Қарорида ҳам чет эллик мутахассислар билан қисқа муддатли, яъни 1 ойдан кўп бўлмаган муддатга меҳнат шартномалари тузиш мумкин эканлиги назарда тутилган.

Муддатли меҳнат шартномасини тузишнинг иш берувчилар учун ўзига хос афзалликлари мавжуд бўлса-да, айрим салбий оқибатларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Қуйида буларга батафсил тўхталиб ўтамиз.

Иш берувчилар учун муддатли меҳнат шартномасини тузишнинг ижобий томонлари:

· Муддатли меҳнат шартномасини тузиш ходимни синаб куриш имконини беради. Бундай вазиятда ишга қабул қилишда дастлабки синов мавжуд-ку деган фикр туғилиши табиий ҳол. Албатта мавжуд. Аммо, дастлабки синовни қўллашда меҳнат қонунчилигида ўзига хос шартлар ўрнатилганлигини унутмаслик лозим.

· Муддатли меҳнат шартномасини бекор қилишда ҳеч қандай огоҳлантириш муддати ҳам бекор қилишнинг алоҳида тартиби ҳам мавжуд эмас. Меҳнат шартномасини бекор қилишга фақат шартномада келишиб олинган муддатнинг тугаши асос бўлади. Маълумки, иш берувчи ўз ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга. Аммо, ушбу ҳуқуқдан фойдаланишда қуйидаги тартиб қоидаларга риоя қилиши талаб этилади:

· Муддатли меҳнат шартномаси бекор қилинганида иш берувчи ходимга ишдан бўшатиш нафақаси тўламайди. Меҳнат кодексининг 109-моддасига кўра иш берувчининг ташаббуси билан (ходим ўзининг меҳнат вазифаларини бажармаганлиги сабабли шартноманинг бекор қилиниши бундан мустасно) меҳнат шартномаси бекор қилинадиган бўлса, иш берувчи ходимга унинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида (жамоа шартномасида кўпроқ миқдор назарда тутилиши ҳам мумкин) ишдан бўшатиш нафақаси тўлашга мажбур.

· Муддатли меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ходимлар келгусида шартнома муддатини узайтириш мақсадида юқори натижалар кўрсатишга, корхонага кўпроқ фойда келтиришга ҳаракат қиладилар. Кучли рақобат шароитида ишлайдилар. Худди яшаш учун кураш жараёнини бошидан кечирадилар.

Биринчидан, дастлабки синов ходимнинг топширилаётган ишга лаёқатлилигини текшириб кўриш мақсадида ўрнатилади.

Иккинчидан, ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар, корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари ишга қабул қилинганда, шунингдек ходимлар билан олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди.

Учинчидан, дастлабки синов муддати 3 ойдан ошиб кетмаслиги керак.

Тўртинчидан, агар дастлабки синов натижасига кўра ходим ўз меҳнат вазифасини уддалай олмаганлиги учун меҳнат шартномаси бекор қилиниши натижасида ходим судга мурожаат қилса, иш берувчи ходимнинг дастлабки синовдан ўтмаганлигини исботлаб бериши керак.

Агар муддатли меҳнат шартномаси бўлса, иш берувчи мазкур муддат давомида ходимнинг малакаси ва иш тажрибасини унинг эришган натижалари орқали баҳолай олади.

· Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-банди (технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги) билан меҳнат шартномасини бекор қилишда иш берувчи ходимни 2 ой олдин ёзма равишда имзо чектириб огоҳлантириши, агар жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, уларнинг розилиги олиши, ходимнинг штати қисқарганида бошқа иш таклиф қилиши (Меҳнат кодексининг 92-моддаси), штатлар қиқарганида Меҳнат кодексининг 103-моддасида назарда тутилган ходимларга бериладиган имтиёзли ҳуқуқни адолатли тартибда қўллаши ва бошқа тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиши (Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги қарорининг 18, 23, 24, 26, 27 ва 42-бандлари) лозим;

· Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 2-банди (ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши) билан меҳнат шартномасини бекор қилишда иш берувчи ходимни 2 ҳафта олдин ёзма равишда огоҳлантириши, ходимни ҳақиқатда малакаси етарли эмаслиги ёки соғлиғининг ёмон ҳолатда эканлигини исботловчи ҳужжатларни тўплаши, малакаси ёки соғлиғи ҳолатига мувофиқ келадиган иш таклиф қилиши (Меҳнат кодексининг 92-моддаси) ва бошқаларга риоя қилиш (Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги қарорининг 18, 28, ва 42-бандлари) керак;

· Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 3 ва 4-банди (ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги, ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги) билан меҳнат шартномасини бекор қилишда иш берувчи ходимни 3 кун олдин хабардор қилиши (аммо бу асослар билан меҳнат шартномасини бекор қилишда хабардор қилмаслик ишга тиклашга сабаб бўлмайди), ходимдан тушунтириш хати олиш, интизомий жазолар қўллаш тартиби ва муддатларига амал қилиш (Меҳнат кодексининг 182-моддаси) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги қарорининг 29, 30, 32, 34 — 38-бандлари, талабларига амал қилиш шарт;

· Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 6-банди (корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилинганлиги) билан меҳнат шартномасини бекор қилишда иш берувчи ходимни 2 ой олдин ёзма равишда огоҳлантириши, ходимнинг малакаси, мутахассислигига мувофиқ келадиган иш таклиф қилиши (Меҳнат кодексининг 92-моддаси), шунингдек мазкур асос бўйича меҳнат шартномасини корхона мулк қилиб олинган кундан бошлаб уч ой мобайнида бекор қилишга йўл қўйилади (Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги қарорининг 17-банднинг иккинчи хатбошиси, 19, 40 ва 42-бандлари);

· Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 7-банди (ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда) билан меҳнат шартномасини бекор қилишда иш берувчи ходимни 2 ой олдин ёзма равишда огоҳлантириши, шунингдек иш берувчи ходимнинг фақат пенсия ёшига етганлигига эмас пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига эга эканлигини (Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддаси) ҳамда 60 ёшга тўлмаган аёллар билан ушбу асосни қўллаган ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин эмаслигини (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПК–4235-сонли Қарорининг 1-банди) эътиборидан четда қолдирмаслиги лозим.

Иш берувчи мазкур қоидаларнинг бирортасига бўлса ҳам риоя қилмаса ходимни ишга тиклаш учун асос пайдо бўлади. Бунда ходим ҳақиқатда яхши ишламаган ёки меҳнат интизомини бузган бўлса ҳам иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш процедурасини тўлиқ амалга оширмаган бўлса ва ходим судга ёки бошқа тегишли органларга мурожаат қилгани тақдирда ишга тикланади.

Муддатли меҳнат шартномаси тузишнинг ижобий томонларини санаб беравериш мумкин, бироқ унинг айрим салбий томонлари ҳам мавжудлигини унутмаслик лозим. Қуйида уларни таҳлил қиламиз:

Биринчидан, муддатли меҳнат шартномасини тузилиши ходимнинг ишга кирган корхонасига умрбод боғланмаслиги ва ишини виждонан бажармаслигига олиб келиши мумкин. Чунки муддатли меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ходим ҳамиша кетиш тараддудида бўлади, ҳар доим захирага иш топиб қўйиши керак эканлигини ўйлаб юради, яъни ходим психологик нуқтаи назардан кучли таъсир остида бўлади.

Иккинчидан, муддатли меҳнат шартномаси асосида ходимларни тез-тез алмаштириш “ходимлар қўнимсизлиги”ни келтириб чиқаради. Бир йиллик меҳнат шартномаси тузишга қонун рухсат берса, иш берувчи ҳар йили янги ходим ёллашга ҳақли бўлиб қолади. Бу эса, ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида давлатга ҳам зарар етказади. Ишсизлик тобора ортиб бораверади.

Учинчидан, муддатли меҳнат шартномаси тузилгач, иш берувчилар ходимлар устидан мутлақ ҳукмронликни амалга оширишга ҳаракат қиладилар. Иш берувчи ходимни таътил вақти ишга чақирса ҳам, ишдан ташқари ишларга жалб этса ҳам, лавозим вазифасига кирмайдиган топшириқлар берса ҳам ходим айнан муддатли меҳнат шартномасини узайтириш мақсадида иш берувчининг ноқонуний талабларини бажаришга мажбур бўлади. Бундай ҳолат эса, нафақат ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини бузилишига, балки Ўзбекистон Республикаси тиш-тирноғи билан курашаётган мажбурий меҳнатга йўл қўйиб берилган бўлади. Натижада иш берувчиларнинг жавобгарлиги юзага келади (Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасига кўра, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, — энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, — энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади).

Тўртинчидан, муддатли меҳнат шартномаси асосида ишлаш ходимларнинг турли устамалар ва кафолатлардан фойдаланиш ҳуқуқига ҳам дахл қилиши мумкин. Масалан, айрим корхоналарнинг жамоа шартномаларида мазкур корхонада 2 йилдан ортиқ ишлаган ходимга 10 % устама ёки 5 йилдан ортиқ ишлаган ходимларга 3 кунлик қўшимча таътиллар берилиши назарда тутилиши мумкин. Агар муддатли меҳнат шартномаси 1 йиллик бўлса, унда уларда бундай қўшимча кафолатлардан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлмайди. Ҳуқуқни қўллаш амалиётида бундай ҳолатларни кўплаб учратиш мумкин.

Айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда иш берувчиларнинг муддатли меҳнат шартномасини тузиш ҳуқуқини кенгайтириш жараёни кетмоқда. www.regulation.gov.uz сайтига 2019 йил 23 сентябрда жойлаштирилган янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг лойиҳасида ҳам муддатли меҳнат шартномаси тузиш мумкин бўлган ҳолатлар кенгайтирилган. Шунингдек, ушбу лойиҳада айрим ҳолларда тарафлар ўзаро келишиб муддатли меҳнат шартномаси тузиши мумкин эканлиги назарда тутилган. Албатта бундай нормаларнинг киритилиши келгусида иш берувчиларнинг меҳнат қонунчилигига тўлиқ риоя этилишига олиб келади. Умуман олганда муддатли меҳнат шартномаси бўладими, номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси бўладими, иш берувчилар қонун талабидан чиқмаган ҳолда меҳнат муносабатларини амалга ошириши лозим.

Б.Д.Раҳимберганова,

Тошкент давлат юридик университети

Меҳнат ҳуқуқи кафедраси

ўқитувчиси


3 207
ЎзА