ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

МДҲ ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси

МДҲ ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси

Ашхобод, 10 октябрь ЎзА махсус мухбири Зиёдулла Жонибеков хабар қилади.

Туркманистон пойтахтида 11 октябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтади.

Ушбу анжуман олдидан МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси ўтказилди. Унда саммит кун тартибига тақдим этиладиган ва бошқа долзарб масалалар юзасидан фикрлашиб олинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.

Делегациялар раҳбарлари Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари ҳамда халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашди.

МДҲ мамлакатлари ўйинлари, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, гиёҳванд, психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш каби қатор масалалар муҳокама қилинди.

Мажлисда қатор ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди ва МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг 11 октябрь куни Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтадиган мажлисида тасдиқлатиш учун киритилади.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг иккинчи учрашувида иштирок этди.

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Россия ташқи ишлар вазирлари барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, минтақавий иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари, маданий-гуманитар соҳадаги алмашинувларни фаоллаштириш масалалари бўйича фикр алмашди.

Учрашувда Марказий Осиё давлатлари ва Россия ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, қўшма иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш, ўзаро савдо ҳажмларини кўпайтириш борасидаги таклифлар кўриб чиқилди.

Вазирларнинг мазкур форматдаги учрашувини доимий ўтказишга келишиб олинди.

3 869
ЎзА