Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.08.2017 17:24 Чоп этиш версияси

Фарғона вилоятидаги 15 минг 173 хонадон ва ташкилот электр ва газ тармоғидан узилди

Мамлакатимизда электр ва газ таъминоти соҳасида бошқарув тизимини, назорат ва ҳисобга олиш механизмларини янада такомиллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, жавобгарликни кучайтириш, ижро иши юритишнинг самарадорлигини тубдан юксалтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ва жойларда унинг ҳудудий тузилмалари ташкил этилиб, фаолият кўрсатмоқда. Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилояти бошқармаси томонидан ҳам мазкур йўналишда муайян ишлар амалга оширилаётир.

Бюронинг вилоят ҳудудий бошқармаси ва унинг 19 туман-шаҳар бўлими фаолияти йўлга қўйилиб, маъмурий бино, зарур техника воситалари билан таъминланмоқда.

– Электр энергияси ва табиий газ ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш, технологик ва маънавий эскирган инфратузилмаларни модернизация қилиш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда, – дейди Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Муродхон Аҳмедов. – Афсуски, энергия ресурсларидан дебитор қарздорликни камайтириш, улардан ноқонуний фойдаланишни бартараф қилиш борасида таъсирчан ишлар олиб борилмаган. Суд ҳужжатлари ҳамда бошқа органлар ҳужжатлари ижросида ҳам камчиликларга йўл қўйилган. Айни кунларда энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида тўлиқ ундирилишига, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-тарож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва унинг олдини олишга, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йил 1 июнь ҳолатига вилоят бўйича электр энергиясидан 290 миллиард сўмдан, табиий газ бўйича 73,1 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик вужудга келган ва унинг мунтазам ошиб боришига йўл қўйилган. Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси туман-шаҳар бўлимлари томонидан бу қарздорликларни бартараф этиш чоралари кўрилиб, қисқа вақтда электр энергияси бўйича 70 миллиард 585 миллион сўм, табиий газ бўйича 24 миллиард 489 миллион сўм ундирилди.

Электр энергияси ва табиий газдан 211 миллиард 955 миллион сўм қарздорлиги бўлган 218 минг 363 истеъмолчининг манзилига талабномалар юборилди, 15 минг 173 хонадон ва ташкилот тармоқдан узилди, электр энергияси ва табиий газдан қарздорлиги юқори бўлган улгуржи истеъмолчиларнинг банк ҳисобрақамларига тўлов талабномалари қўйилди.

Кенг кўламли тарғибот ишларига қарамасдан, айрим истеъмолчилар томонидан электр энергияси ва табиий газни истеъмол қилиш борасида ҳамон ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмоқда. Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ва унинг бўлимлари томонидан 127 шундай ҳолат аниқланди. Ҳуқуқбузарликлар оқибатида давлатга жами 107,3 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Бюро ходимлари томонидан давлатга етказилган моддий зарарнинг 46,5 миллион сўми ундирилиб, қолган 60,8 миллион сўмини ундириш чоралари кўрилмоқда. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 112 жисмоний ва 9 юридик шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Мажбурий ижро бюросининг Бувайда тумани бўлими ходимлари томонидан тумандаги “Қўнғирот сардори файз” боғдорчилик фермер хўжалиги раҳбари Қ.Турсунов дала шийпонида 11 кВт.ли хорижда ишлаб чиқарилган дон майдаловчи ДКУ дастгоҳи, 10 ёритиш чироғини электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 2014-2017 йиллар давомида жами 46,7 миллион сўм моддий зарар етказгани аниқланди. Суриштирув даврида фермер хўжалиги раҳбари томонидан давлатга етказилган зарар тўлиқ ундирилиши таъминланди. Ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилинади.

Шу тумандаги Бобомурод Эназаров раҳбарлик қилаётган "Сойибжон Солиҳбой” фермер хўжалигида ҳам электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган. Оқибатда 100 миллион сўмдан ортиқ миқдорда зарар етказилган. Айни пайтда зарарни ундириш чоралари кўрилмоқда.

Унутмаслик керакки, электр энергияси ва табиий газ тўловларини ўз вақтида тўлаш, табиий неъматлардан оқилона фойдаланиш нафақат оилалар фаровонлигини таъминлайди, балки мамлакат иқтисодий тараққиётига ҳисса бўлиб қўшилади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
5 382






Все о погоде - Pogoda.uz