Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.07.2017 13:32 Чоп этиш версияси

Маслакдош ва елкадош

Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни самарали ҳал этишдаги ролини ошириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Ушбу ҳужжат ижроси доирасида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти бўлими маҳаллалар фаолиятини ўрганиш, ибратли тажрибаларни оммалаштириш, ўз навбатида, камчилик ва нуқсонларни жойида бартараф этиш ҳамда эзгу ишларда мусобақадошлик муҳитини яратиш мақсадида “Маслакдош, елкадош, рақобатдош” лойиҳасини амалга оширмоқда.

– Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида кучли фуқаролик жамиятини мустаҳкам қарор топтириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, қўллаб-қувватлашда маҳалла институтининг ўрни ва роли ошиб бормоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти бўлими бошқаруви раиси Маҳмуд Бобоёров. – Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кўплаб вазифа ва функцияларини маҳаллалар бажармоқда. Фонднинг вилоят бўлими ҳам ўз фаолиятини Президентимизнинг жорий йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган устувор йўналишлар асосида ташкил этмоқда. Аввало, ҳар бир туман, шаҳарда биттадан маҳалла мисолида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари учун ўқув семинарлар ўтказиб, маҳалла фаолиятида эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар, комиссиялар фаолиятини жонлантириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди. Ҳар бир маҳаллада камида 5 иш ўрни яратиш бўйича ташаббус илгари сурилди. Бу борада “Маслакдош, елкадош, рақобатдош” лойиҳасига кўра, фонднинг 16 туман ва шаҳар бўлинмалари ҳудуддаги маҳаллалар сони, географик жойлашуви ва бошқа жиҳатлари инобатга олинган ҳолда, бир-бирига маслакдош, елкадош, рақобатдош этиб белгиланди. Масалан, Самарқанд шаҳри маҳаллалари Самарқанд тумани билан, Ургут тумани Пастдарғом билан, Каттақўрғон тумани Иштихон тумани билан маслакдош, елкадош ва рақобатдош сифатида тажриба алмашадиган бўлди.

Ушбу лойиҳага кўра, ҳозиргача Пастдарғом тумани маҳаллалари фаоллари Ургут туманидаги, Тайлоқ тумани фаоллари эса Булунғур туманидаги ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти билан танишди. Жумладан, фонднинг Тайлоқ туман бўлинмаси ходимлари ҳамда 51 маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари Булунғур туманидаги 55 маҳалла ҳаёти билан яқиндан танишди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти, ҳудудда яратилган иш ўринлари, қурилиш ва ободончилик ишларининг бориши, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббуслар, кам таъминланган оилалар, кексалар, ногиронларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳолати, болалар ва ўсмирлар учун мусиқа, спорт тўгараклари ташкил этилгани, аҳолининг дам олиши учун яратилган шароитлар ўрганишлар асосини ташкил этди.

Тадбир доирасида айрим маҳаллаларда ҳашар уюштирилиб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилалар истиқомат қиладиган уйлар таъмирланди. Низоли оилалар яраштирилди, оилавий ажримлар, эрта турмушнинг олдини олиш мавзусида суҳбатлар ўтказилди.

– Тайлоқдан келган ҳамкасбларимизга ўз фаолиятимиз ҳақида маълумот бериш билан бирга, уларнинг фикрларини эшитдик, тажриба алмашдик, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Булунғур тумани бўлинмаси раиси Абдунаби Маллаев. – Бу ташриф маҳаллаларимиздаги ҳақиқий ҳолатни, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва халқ билан мулоқот қилишимизга ёрдам берди. Энди биз, Тайлоққа бориб, уларнинг фаолиятини ўрганамиз ва олдимизга қўйилган вазифаларни ҳамкорликда амалга оширамиз.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 807






Все о погоде - Pogoda.uz