Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.07.2018 10:43 Чоп этиш версияси

Маслаҳатли тўй тарқамас

№ 32 Пахта.jpg

Аваз ИБРАГИМОВ,

“Пахта” МФЙ раиси:

– Яқинда маҳалламизда давлат идораларида ишлаган обрўли бир инсон ўғлини уйлантирди. Тўй жуда ихчам ва ортиқча дабдабасиз ўтди. Бу инсон моддий жиҳатдан яхши таъминланган бўлишига қарамай, тўйни ўз уйида ўтказди. Буни маҳалланинг бошқа аҳолисига ҳам ўрнак қилиб кўрсатса арзийди. Тўйларни ортиқча дабдабасиз ўтказишда оила бошлиғи – эркакларнинг роли катта. Афсуски, бугунги кунда икки томондан ҳам аёлларнинг аралашуви туфайли меъёрдан ошишлар кузатилмоқда. Чунки улар турли янги урф-одатларни ўйлаб топишмоқда. Агар эркаклар аёлларнинг аралашувисиз тўй харажатларини ўзаро ҳал қилишса, бундан икки томон ҳам манфаатдор бўлади. Шунингдек, йигит киши моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан оила қуришга тайёр бўлиши керак. Ана шунда оила мустаҳкам бўлади. Бунинг учун эса оммавий ахборот воситалари орқали тарғиботни кенгайтириш лозим.

Яқинда маҳалла раислари бир йиғилишда иштирок этдик. Унда самарқандлик ногирон аёлнинг нарвон устига чиқиб токларни бутаётгани акс этган видеоролик қўйиб беришди. Тўғриси, бундан жуда таъсирландик. Инсоннинг қанчалик сабрли эканига яна бир бор иқрор бўлдим. Одамларни уйғотиш, бугунги бўлаётган ислоҳотларга жалб этиш учун барчага ибрат бўла оладиган мана шундай видеороликларни телевидение орқали ҳам кўпроқ намойиш қилиш керак, деб ўйлайман. Аммо айрим одамлар тўрт мучаси соғлом бўлишига қарамай қийналиб қолганини баҳона қилиб, маҳаллага мурожаат қилаверади. Ҳар бир инсон жамиятга манфаати тегадиган бирон бир иш билан шуғулланиши керак.

Чет элда яшаб юрган ватандошларимизнинг ҳар бирига индивидуал ёндашиш зарур. Масалан, бугунги кунда бизнинг маҳалламиздан 79 нафар инсон хорижда ишламоқда. Биз уларнинг ҳаммасини ортга қайтариш лозим, деб ўйламаймиз. Сабаби, уларнинг ичида ўз мутахассислиги бўйича яхши иш топиб, ватанимизга сармоя киритаётганлари ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Аммо хорижга чиқиб ишсиз юрганлар ёки қандайдир бир жиноят қилиб, қочиб кетганларни, албатта, ортга қайтаришимиз керак.

ЎзА
5 744