Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.07.2018 12:30 Чоп этиш версияси

Машмашаси ҳам жонга тегди...

Зафар ШОНАЗАРОВ,
“Беруний” МФЙ раиси:

5604715b-e058-424d-9eac-e1cc8b7ba750.jpg– Маҳалладаги тўйларни ихчамлаштириш, аввало, маҳалла раислари, фаоллар, оқсоқол ва кайвонилар олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир. Ҳозирда тўйларга 400-500 одам чақиришади. Уни кўрган ўртаҳол оилалар ҳам улардан кам бўлгиси келмайди. Қарабсизки, қўни-қўшниси, қариндош-уруғидан қарз олишгача боради. Маълум миқдорда олинган қарз ёки ёрдам вақти келиб эгасига қайтарилиши керак. Тўй қилган оиланинг тайинли иши, тадбиркорлиги бўлса қийналмаслиги мумкин. Бунга имкони бўлмаса, албатта, оилада ўзаро муаммолар келиб чиқади. Бир кунлик тўй ўтади. Лекин унинг машмашаси қариндош-уруғ, қуда-анда ва янги оила қурган ёшлар ўртасида кўнгилдан кетмас низоларни келтириб чиқариши мумкин. 

Қуръони каримда ҳам “Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар” дейилган. Мана шу исрофгарчилик нималарга олиб келишини аҳолига тушунтиришимиз керак. Катта тўй ўтказишга қурби етадиган ўзига тўқ маҳалладошларимиз кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларга ёрдам қилишса яхши бўларди. 

Яқинда олдимга ёши улуғ бир маҳалладошимиз келиб “Набирамни уйлантирмоқчимиз, тўй-маъракалар ҳақида ҳар хил гаплар эшитаяпмиз, шунинг учун сиз билан маслаҳат қилмоқчиман”, деб қолди. Мен маҳалламиздаги аҳволни тушунтирдим. Атрофимиздаги 50-60 қўни-қўшнимиз, ўзларининг қариндош-уруғлари ва қуда томон билан 200 га яқин одамга эрталаб ош берайлик, кечқурун йиғилиб 150 кишига тўй оқшомини ўтказиб берсак, нима дейсиз? Агар бундан ташқари маблағингиз бўлса маҳалламиздаги кам таъминланган оилаларга ёрдам берайлик дегандим, отахонга маъқул бўлди. Биринчи ишимизни шундан бошладик. Шундан сўнг яна 6 шундай ихчам ва файзли тўйни бамаслаҳат ўтказдик.

ЎзА
10 549