Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.02.2017 20:27 Чоп этиш версияси

Нукусда муддатли ҳарбий хизматдан қайтган аскарлар тантанали кутиб олинди

Нукусда муддатли ҳарбий хизматдан қайтган аскарлар тантанали кутиб олинди Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитларни тантанали кутиб олиш тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Нукус темирйўл вокзалида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тасарруфидаги ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган аскарлар тантанали кутиб олинди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Шокаримов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмитаси раиси С.Турманов ва бошқалар ҳарбий хизмат ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш билан бирга уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириб, саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш ҳар бир йигит учун нафақат конституциявий бурч, балки шон-шараф ишига айланган. Бу ёшлар учун ўзига хос чиниқиш мактаби бўлиш баробарида уларнинг келгуси ҳаётини белгилаб олиш йўлида катта имконият ҳам яратмоқда. Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Қуролли Кучларимиз сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган фуқаролар мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига ўқишга киришда тўплаш мумкин бўлган максимал баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча имтиёзга эга бўлмоқда.

Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида йигитлик бурчини ўтаб қайтган берунийлик Асқар Қурбонбоев ана шундай тавсияномани қўлга киритган ёшлардан.

– Нукус автомобиль йўл хўжалиги ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида ўрганганларим ҳарбий хизматда жуда қўл келди, – дейди Асқар Қурбонбоев. – Келгусида Қорақалпоқ давлат университетига ўқишга кириб, халқимизга хизмат қиладиган етук мутахассис бўлиш ниятидаман.

Санъат усталари иштирокидаги концерт тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
2 554






Все о погоде - Pogoda.uz