ЎзА Ўзбек

11.07.2019 Чоп этиш версияси

Марғилонда “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивали бошланди

Марғилонда “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивали бошланди

Шу кунларда Марғилон шаҳри дилбар наволар, мумтоз қўшиқлар, жозибадор рақслар анжумани – “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивалига мезбонлик қилмоқда.

Бугун Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номидаги ижодкорлар боғида халқ оғзаки ижоди намуналарини тараннум этувчи фольклор байрамининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Фестивалда Италия, Германия, Франция, Канада, Жанубий Корея, Малайзия, Россия, Ҳиндистон, Туркия, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Япония, Эрон, Польша, Мўғулистон, Дания каби 20 га яқин давлат ҳамда юртимизнинг барча ҳудудларидан келган санъат усталари, фольклор жамоалари, бадиий ансамбллар иштирок этмоқда.

15.JPG

Биринчи маротаба ўтказилаётган фестиваль 3 кун давомида мамлакатимизда номоддий маданий меросни асраб-авайлаш, хусусан, фольклор санъатини ривожлантириш ва кенг тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшиши, шубҳасиз.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, инсоният яратган бебаҳо маданият дурдоналари, энг аввало, ҳар қайси миллатнинг фольклор санъатида мужассам топгани ҳаммамизга яхши маълум. Турли халқларнинг миллий ўзлигини, уларнинг тили ва ҳаёт тарзини, анъана ва урф-одатларини ифода этадиган бахшичилик санъати умумбашарий маданиятнинг узвий қисми сифатида барчамиз учун қадрлидир.

Бугунги кунда Фарғона вилоятида 5 та – Марғилон шаҳрида “Чодир жамол”, Қўқон шаҳрида “Қўқон ёр-ёри”, Қўштепа туманида “Кабутар”, Сўх туманида “Сўх чашмаси”, Фурқат туманида “Шодлик” ва Қувасой шаҳрида “Қўш чинор” фольклор-этнографик ансамбллари, шунинг¬дек, 41 та ҳаваскор фольклор гуруҳи фаолият кўрсатмоқда. Ҳар бир гуруҳнинг бир-бирига ўхшамаган, ўзига хос репертуари мавжуд. Уларнинг мусиқий ижрочилигида ялла, лапар, айтишув, ўлан, ёр-ёр, аллалар алоҳида ўринга эга.

4-faqat saytga.JPG

– Қайси тилда жарангламасин, фольклор барибир фольклорда. Беихтиёр рақсга чорлайди, қўшиққа жўр бўлгинг келади, – дейди “Сўх чашмаси” фольклор этнографик ансамбли бадиий раҳбари Абдуваққос Юсупов. – Ансамблимиз ўзининг ширу шакар қўшиқлари, яъни ўзбекча-тожикча лапарлари, ашулалари билан тадбирга файз бағишлаш учун келди. Бундай нуфузли анжуманда биринчи бор қатнашишимиз эмас. 2018 йилда “Бойсун баҳори” фольклор байрамида совриндор бўлган эдик. Бу каби тантаналар ижодий жамоалар учун ўзига хос қўллаб-қувватлашдир.

Маълумки, халқ оғзаки ижоди намуналарини кенг тарғиб этиш ва оммалаштиришда халқ дасталарининг ўрни ва ҳиссаси катта эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Айнан шу каби истеъдодларимизнинг изланиш ва интилишлари туфайли ушбу санъат тури бутун дунёда шуҳрат топиб, қадри абад қадрият сифатида авлоддан авлодга ўтиб келмоқда.

Айни жараёнда кейинги йилларда юртимизда халқимиз маънавий меросини ўрганиш, эзгу анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш, ёш авлод маънавиятини юксалтиришда боқий меросимиз бўлган фольклор жамоаларидан кенг фойдаланиш, халқимизнинг номоддий маданий мероси бўлган фольклор асарларини тўплаш ва кенг тарғиб этишга катта эътибор қаратилмоқда. Зотан, ўзининг мазмуни, тарбиявий аҳамияти ва умрбоқийлиги билан ажралиб турувчи фольклор санъати халқимизнинг турмуш тарзи, дунёқараши, руҳий эстетик олами, ички кечинмалари, орзу-мақсадларини содда ва юксак бадиий ифода эта олган азалий қадриятдир.

9.JPG

Шу маънода, бугун Марғилон шаҳрида тантанали равишда очилган халқаро фестиваль халқимизга хос самимий меҳмондўстлик анъаналарини кенг тарғиб этиб, унда иштирок этаётган ҳар бир иштирокчи қалбида бир умр унутилмас таассуротлар қолдиради. Энг асосийси, фестивалнинг умуминсоний эзгу ғоялари бутун дунёда акс-садо бериб, у тинчлик ва дўстлик, асл санъатни тарғиб этувчи тантана сифатида нишонланади.

Марғилонда бу каби нуфузли анжуман илк маротаба ўтказилаётгани йўқ. Кўҳна ва навқирон шаҳар кейинги йилларда мунтазам равишда ўтказиб келинаётган халқаро “Атлас байрами”га ҳам мезбонлик қилиб келмоқда. Бу фестиваль миллий ҳунармандчилигимизни кенг тарғиб этувчи ўзига хос маҳорат майдонига айланган бўлса, ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилиши режалаштирилаётган мазкур фольклор фестивали эса санъатга ошуфта дилларни бирлаштиришга катта ҳисса қўшади.

7 726
М.СУЛАЙМОНОВ, Муқимжон ҚОДИРОВ олган суратлар, ЎзА