ЎзА Ўзбек

14.03.2018 19:40 Чоп этиш версияси

Маънавият – муҳим ҳаётий қадрият

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан "Ўзбекистон фуқароларининг қадриятга оид қараш ва тушунчалари" мавзусида ижтимоий сўров ўтказилди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларга мувофиқ, тадқиқотдан кўзланган асосий мақсад жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва сиёсий ҳаётида содир бўлган ўзгаришлар асносида Ўзбекистон фуқароларининг асосий маънавий-ахлоқий қадриятлари тизимидаги ўзгаришларни мониторинг қилиш тартибида ўрганишдан иборат.

Сўров натижалари аксарият Ўзбекистон фуқаролари учун маънавият муҳим қадрият бўлиб қолаётганини кўрсатди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида маънавий бойликларни тиклаш, миллатнинг ахлоқий намунасини шакллантириш ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Президентимиз томонидан давлат ва жамиятни модернизация қилиш бўйича белгиланган вазифалар аҳолида устунлик қилувчи қадриятга оид тушунча ва қарашлар тизимини реал тушуниб етиш ва ҳар томонлама ўрганиш, фуқаролар, айниқса, ёшлар орасида қадриятларга оид тамойилларни комплекс равишда ўрганишни талаб этади.

Жамоатчилик фикри мониторинги ўзбекистонликларнинг асосий қадриятлари ва қадриятга оид қарашлари тизимида маънавий-ахлоқий сифатлар ва эътиқод марказий ўринни эгаллаб келаётганини кўрсатди.

Аксарият ўзбекистонликлар онгида миллий қадриятлар, энг аввало, одатларимиз, анъаналаримиз, халқимизнинг маънавий ўзлиги, она тилимиз, тарихимиз ва маданиятимизга бўлган муҳаббатни сақлаш ва асраб-авайлашга интилиш ҳисобланади.

Респондентларнинг фикрича, ўзбекистонликларнинг бошқалардан ажралиб турувчи ижобий фазилатлари, энг аввало, уларнинг маънавий-ахлоқий табиатида намоён бўлади. Сўров натижалари мамлакатимиз фуқароларига хос ватанпарварлик, тарихий, маданий ва интеллектуал меросга содиқлик каби муҳим ҳаётий қадриятлар устувор аҳамият касб этишини кўрсатди.

Айни пайтда кўпчилик респондентлар (78,4 фоиз) замонавий ўзбекистонликларнинг устувор қадриятлари ва ҳаётий қарашлари тизимида ўзгаришлар рўй бермоқда, деб ҳисоблайди. Фуқароларнинг фикрича, ҳозирги кунда жамиятда содир бўлаётган мураккаб жараёнлар, ахборот оқимининг ҳажми ва аҳамияти кескин ортиб бораётгани дунёнинг муайян кўринишини шакллантириш ва инсонлар, айниқса, ёшлар орасида анъанавий қадриятлар ва меъёрларнинг ўзгаришига жиддий таъсир кўрсатади.

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, ҳар учинчи респондент замонавий ўзбекистонликларнинг дунёқарашида шахсий муваффақиятга эришишга қаратилган прагматик қадриятлар маънавий қадриятлардан устун келишни бошламоқда, деб ҳисоблайди. Шунингдек, сўров натижалари фуқаролар замонавий дунёнинг салбий таъсирига қарши курашишнинг ишончли усули шахснинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш эканлигини англаб етаётганини кўрсатмоқда. Айнан шунинг учун, респондентлар таъкидлаганидек, фарзандларни оиласи ва Ватанига содиқ, юксак ахлоқли инсонлар қилиб тарбиялаш зарур.

Аҳолининг асосий қадриятларга оид қарашлари таҳлили доирасида аниқланган ўзбекистонликларнинг ижтимоий кайфияти ва дунёқарашига хос ижтимоий некбинлик бахт сингари асосий қадриятга бўлган муносабатда ҳам намоён бўлди. Масалан, сўров давомида иштирокчиларнинг 76,1 фоизи ўзини бахтли инсон деб ҳисоблашини таъкидлади. Сўров иштирокчиларининг фикрича, бахт туйғусини туйиш бевосита яқин инсонларининг фаровонлигига боғлиқ. Деярли ҳар иккинчи респондент мустаҳкам ва аҳил оила, яқин инсонларисиз (болалар, ота-она, турмуш ўртоғи) ўзини бахтиёр ҳис қила олмаслигини таъкидлади.

Ўзбекистонликларнинг маънавий-ахлоқий қадриятларини кўп йиллар давомида ўрганишга асосланган жамоатчилик фикри мониторинги кўрсатганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий ўзликни тиклаш, қадриятлар ва аҳолининг ҳаётий муҳим қарашлари тизимида маънавият, фуқаролик ва ватанпарварлик каби тушунчаларнинг аҳамиятини кучайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Тадқиқот натижаларига кўра, мамлакатимиз фуқаролари учун меҳнат ижтимоий мақом ёки юқори даромадга эга бўлиш манбаи сифатида муҳим ишбилармонлик омили саналади. Ижодий қобилиятларни намоён қилиш ғоялари, меҳнатга юксак қадрият сифатида қараш, мазмунли меҳнатга нисбатан ички ҳаракатлантирувчи куч нафақат иқтисодий фаровонлик, балки шахс камолотининг муҳим шарти сифатида илгари сурилмоқда.

Тадқиқот давомида аниқланишича, кўпчилик фуқаролар Ўзбекистонда жамият эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда миллий маданият маънавий қадриятлар билан ҳамоҳанг ривожланиши ва такомиллашиб бориши учун қулай шарт-шароитлар яратилган, деб ҳисоблайди. Тадқиқот натижалари Ўзбекистон фуқаролари ўз диний эҳтиёжларини қондирган ҳолда, анъана ва удумларга эркин амал қилиш имконига эга эканлигини кўрсатмоқда.

Мамлакатимизнинг аксарият фуқаролари тадқиқот давомида айрим миллий одат ва маросимларнинг тартибга солиниши, жумладан, тўй ва оилавий тантаналарни исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда, ихчам ва камхарж қилиб ўтказиш зарурлиги бўйича давлатимиз раҳбарининг ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Тадқиқот доирасида фуқароларда давлат ишларига дахлдорлик туйғуси кучайганлиги аниқланди. Сўров иштирокчиларининг аксарияти (88,4 фоизи) мамлакат учун маънавий жавобгарликни англаган ҳолда, жамиятда демократик қадриятлар ва тамойилларни ривожлантириш ҳамда шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга йўналтирилган фаол саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр.

Фуқароларнинг 88,2 фоизи давлат бошқаруви тизими фаолиятининг самарадорлиги кучли Президент ҳукмронлигига боғлиқ, деб ҳисоблайди. Фуқаролар давлат ва жамият тинчлиги, хавфсизлигини сақлаш ҳамда мустаҳкамлашнинг муҳим омили, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва миллий давлатчилик асосларининг барқарорлигини сиёсий, ҳуқуқий маданиятни ошириш ва миллий ўзликни англашга йўналтирилган чора-тадбирлар ташкил қилишига қатъий ишонч билдирган.



«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини
ўрганиш маркази материаллари асосида

Аблай Камолов тайёрлади, ЎзА
7 730