Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.03.2017 13:31 Чоп этиш версияси

Маънавий тарғибот – долзарб вазифа

Ижтимоий аҳамиятга молик бинолар пештоқида, марказий кўчалар, гавжум жойларда баннерлар, шиорлар, плакат ва фотосуратларга ҳар куни кўзимиз тушади. Уларда эзгулик, бунёдкорлик ва яратувчиликка чорловчи ҳикматлар, озод ва обод Ватанимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз манзаралари, фидокорона меҳнати, ташаббускорлиги билан ёшларга ўрнак бўлаётган замондош қаҳрамонларимиз сиймолари акс этган. Туну кун беминнат хизматда бўлувчи бу каби ташқи тарғибот кўргазмали воситаларини яратиш эса жиддий вазифа.

Республика Маънавият тарғибот маркази томонидан «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида тасвирий воситалар орқали маънавий-маърифий, тарғибот-ташвиқот ишларида қўлланиладиган матнлар, қайдлар, ҳикматли сўзлар, халқ мақоллари ва шиорлардан иборат «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деб номланган қўлланманинг тақдимоти ўтказилди.

Республика Маънавият тарғибот маркази раҳбари вазифасини бажарувчи Н.Қосимов, Ўзбекистон Республикаси «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси бошқаруви раиси И.Латипов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Республика Байналмилал маданият маркази раҳбари Н.Муҳаммадиев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг янги тараққиёт босқичида белгилаб берган устувор вазифалардан келиб чиқиб, ёшларимизни ғаразли кучлар таъсиридан асраш, тинчлик-осойишталикни таъминлаш, одамлар ўртасида меҳр-оқибат муҳитини кучайтириш борасида олиб борилаётган тарғибот ишларини янада такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Бу жараён тасвирий воситалардан кенг фойдаланиш, шу билан бирга замон руҳини чуқур англаган, инсонлар қалбига йўл топа оладиган тарғиботчиларни тайёрлашни ҳам талаб этади.

– Бугун четдан кириб келаётган турли ғаразли оқимлар, зарарли иллатлар йигит-қизларимиз маънавиятига таҳдид солаётган бир паллада маънавий тарғиботчининг ўз устида ишламаслиги, билими ва малакасини оширмаслиги, хотиржамликка берилишга ҳаққи йўқ, – дейди Республика Маънавият тарғибот маркази ҳузуридаги «Маънавият тарғиботчиси» ўқув курси тингловчиси, Тошкент давлат аграр университети ўрмон хўжалиги ва доривор ўсимликлар факультети деканининг ўринбосари А.Тўрақулов. – Бугунги тадбир ҳам бизлар учун муҳим маҳорат дарси бўлди. Тақдимоти ўтказилган қўлланма билан танишиш асносида ёшлар ўртасида олиб бориладиган маънавий-маърифий, тарғибот-ташвиқот ишлари бўйича зарур тавсияларга эга бўлдик.

Тадбирда ташкилотлар билан ҳамкорликда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, бу йўналишдаги ижтимоий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш юзасидан ижтимоий-маърифий лойиҳалар, анжуманлар, мулоқотлар, давра суҳбатларини мунтазам ташкил этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
4 098






Все о погоде - Pogoda.uz