ЎзА Ўзбек

08.03.2018 14:16 Чоп этиш версияси

Манасга Наврўз келди

Манасга Наврўз келди Дўстлик туманидаги Манас қишлоғига бу йил Наврўз бошқа ҳудудларга қараганда бир ой олдин келди. Табиатнинг тақвимида жанубий Мирзачўлнинг марказида жойлашган бу қишлоқнинг алоҳида ўрни йўқ албатта. Аммо Жиззах вилоятида Наврўзга тараддуд ҳам, унинг кириб келиши ҳам Манасдан бошлангани рост. Қишлоқ аҳли айнан шу фикрда.

– Наврўз – янги кун бу йил бизнинг қишлоққа 14 февралда кириб келди, – дейди "Манас" қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Ж.Кенжаев. – Президентимиз топшириғи билан “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш бўйича тузилган ишчи гуруҳи шу куни қишлоғимизда иш бошлади. Шундан буён, бу ерда қурилиш, ободонлаштириш ишлари бир кун ҳам тўхтагани йўқ. Бу қишлоқ тарихидаги унутилмас воқеа. Қишлоғимизга бундан бир ой аввал келган меҳмон ҳозир қилинган ишларни кўриб, кўзига ишонмаслиги мумкин.

2.JPG 

“Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш бошланган кун Манас қишлоғи ва манасликлар ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Шу боис 2018 йилнинг 14 феврали қишлоқ тарихида янги кун, турмушларида янгиланиш бошланган сана сифатида қолса ажабмас.

Қиш давомида ёғмасдан, одамларни интиқ куттирган қор ҳам шу куни ёғди. Асосий тирикчилиги деҳқончилик ва чорвачилик бўлган манасликларни давлатимизнинг ғамхўрлиги билан бирга келган табиатнинг бу инъоми ҳам қувонтирди. Табиат билан жамиятнинг ўзгариши бир кунда бошланиши балки тасодифдир, аммо айнан шундай бўлишини манасликлар қишлоқда янги ҳаётнинг бошланишига, яхшиликка, покланишга, яхши орзу ниятларнинг рўёбга чиқишига ишора, деб қабул қилди. 

3 (1).JPG

Мантиқан тўғри. Ўша қор билан Манасда янги кун бошланган эди. Туркий адабиётнинг йирик вакили Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” достонда битганидек:

Баҳор ели қиш фаслин ҳайдаб солиб,
Яшил туғин тикди тўрт томон ғолиб.
Қуёш қайтди, яна келди ўрнига,
Балиқ қуйруғидан Қўзи бурнига.

Фақат бу сафар қишлоққа “баҳор ели” қурилиш ашёлари – ёғоч-тахта, металь конструкциялар, шифер, цемент, ғишт, тош, шағал юкланган юзлаб автомашиналар карвони билан кириб келди. 

15.JPG

Ўнлаб қудратли бульдозерлар, грейдерлар, экскаваторлар, кўтарма кранлар фақат “қиш фаслини ҳайдаб солиб” эмас, қишлоқнинг асл қиёфасини бекитиб турган турли ноқонуний қурилишлар, иморатлар харобаларини, тўпланиб қолган минглаб тонна чиқиндиларни суриб чиқариб ташлади, янгиланишнинг “яшил туғин тикди”. Биргина “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси жамоаси Кумушкент, Баҳористон ва Чортоқ кўчаларидан 2 минг тоннадан зиёд чиқинди чиқариб ташлади. Худди шундай иш қишлоқдаги 21 кўчанинг барчасида амалга оширилди.

Фойдаланиш муддатини аллақачон ўтаб бўлган газ, сув, электр узатиш тармоқлари, қишда лойдан, ёзда чангдан юриб бўлмайдиган ўйдим-чуқур йўл ва кўчалар, томидан шифери учган, девордан сувоғи кўчган, эшик-ромининг ранги ўчган абгор уйлар қишлоқ қиёфасинигина эмас, одамларнинг яшаш шароитини яхшилашга масъул бўлган ҳукумат идоралари, жамоатчиликнинг ҳам юзини акс эттириб турарди.

Қишлоқдаги ҳаммани қийнаётган муаммолардан бири йиллар давомида дренажларнинг таъмирланмаганлиги туфайли сизот сувлари сатҳининг кўтарилиб кетиши эди. Дастур доирасида ҳудуддаги мавжуд 41 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқларида тозалаш ишлари бажарилаётир. Бу ишга сув хўжалиги ташкилотлари томонидан экскаватор ва бульдозерлар жалб қилинган.

Ҳудуддаги йўлларнинг сувини қочириш учун 3,6 километр лоток ўрнатилди. Йўллардан 600 куб метр лой чиқариб ташланиб, ўрнига қум-шағал аралашмаси ётқизилди. Йўл ёқасидаги 1,4 километр узунликдаги латокнинг ички қисми тозаланди.

Ҳашарга жалб қилинган вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси тизимидаги корхоналар томонидан 34 кўп қаватли уйнинг томи тўлиқ қайта ёпилди. Уй-жойлар атрофидаги режасиз, ноқонуний қурилишлар ўрнида янги ёрдамчи бинолар, бежирим тандирхоналар курилди. Аҳоли хонадонлари деворларини оқлаш учун 20 тонна тайёр оҳак тарқатилди. Барча уйлар, ташқи ҳовли деворлари тўлиқ оқланди. 2,5 минг тупдан ортиқ дарахтга шакл берилди.

Аҳоли ичимлик суви билан таъминлашни ҳал этиш учун туман “Сувоқова” давлат унитар корхонаси жамоаси томонидан 6,5 километр узунликдаги сув қувури ётқизилди. Бундан ташқари, кўп қаватли уйлар олдига 17 сув жумраклари ўрнатилди. Сув тарқатиш иншоотлари тўлиқ таъмирдан чиқарилди.

Бажарилаётган ишларнинг барчасини санаб ўтиш қийин. Чунки, йиллар давомида тўпланиб қолган бу муаммолар жуда қисқа вақтда амалга оширилмоқда. Бу ишлардан кекса-ю ёш мамнун. Ҳеч ким уйда ўтиргани, четда қараб тургани йўқ. Ҳамма имкон қадар умумхалқ ҳашарига қатнашаётир. Вилоят қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш корхоналари мутахассислари билан ёнма-ён қишлоқ ёшларидан тузилган отрядлар, бригадалар ишлаётир. Жамоат ташкилотлари кам таъминлаган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, маданий-маърифий, тарғибот ишлари билан банд. Оқсоқоллар ҳар ишда бош-қош, маслаҳатчи.

Маъмур Мавлонов қирчиллама йигит ёшида, бу ерга қишлоқ янги қурилган пайти келганлардан бири. Аввал бўлимда, кейин хўжалик марказий бухгалтериясида ишлаган. Дастлаб қурилган коттеж уйлардан бирига кўчиб кирган. Шу ерда фарзандлар ўстириб, келин туширган, қиз чиқарган. Умрининг энг яхши даврлари ўтган шу заминга меҳр қўйган, Ватан деганда ана шу қишлоқни тушунади. Фарзандларини ҳам шу тупроққа меҳрли, уни севадиган, шу юрт учун ҳалол меҳнат қиладиган қилиб вояга етказди.

Қишлоғида амалга оширилаётган ишлардан беҳад мамнун, ҳар куни қурувчилар, ҳашарчиларнинг олдига бориб келаётир. Кўрганларидан, бугун олиб борилаётган ишларга қараб ҳикмат тўқийди.

– Шаҳару қишлоқлар, уй-жойларнинг тақдири ҳам одамларникига ўхшайди, – дейди Маъмур Мавлонов. – Ёш, янги пайтда ҳамма нарса яхши бўлади. Аммо йиллар ўтиши билан эскиради, қарийди, қараб турилмаса, вақтида янгиланмаса, тузатилмаса фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолади. Кейинги йилларда қишлоқ хўжалигида даромад камайиб кетди. Натижада қишлоқда ободонлаштириш, инфратизимни таъмирлаш, янгилаш ишлари тўхтаб қолди. Бу ишларни амалга ошираётган Президентимизга раҳмат. Юртнинг ҳам, одамларнинг ҳам кўнгли обод бўлаётир.

Отахон айтганидек, ўтган асрнинг 60-йилларида замонавий ҳисобланган коттеж ва кўп қаватли уйлар, маданият саройи, ижтимоий иншоотлар аллақачон фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган. Барчаси қайта қуришга, таъмирга муҳтож.

– Шунинг учун дастур доирасида маданият саройини тўла таъмирдан чиқариш, қишлоқ марказида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси, 2,2 гектар майдонда истироҳат боғи, 100 ўринли болалар боғчаси қуриш режалаштирилган, – дейди туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Олим Ўринбоев. – Қишлоқдаги 5-, 12-умумтаълим мактаби, иккита мактабгача таълим муассасаси жорий таъмирланаётир. Бу ишлар натижасида қишлоқ қиёфаси кўркамлашиб, аҳолига катта қулайлик яратилади.

Манасга Наврўз ана шундай шиддат билан кириб келмоқда. У Жиззах чўлининг марказида ўз муаммолари гирдобида ўралиб қолган қишлоққа мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланиш, яратувчилик, бунёдкорликнинг шиддатли тўлқинини олиб келмоқда. Бу тўлқин йиллар бўйи тўпланиб қолган ғуборларни ювиб, қишлоққа кўрк, ободлик, одамлар қалбига янги умид, орзуларни келтирмоқда.

– Наврўз байрами куни қишлоғимизга келинг, бу йил бошқача ўтади, – дейди "Манас" қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Жалил ака. – Байрамгача маданият саройимизни таъмирдан чиқариб, Тошкентдан катта санъаткорларни таклиф қилмоқчимиз. Албатта, келинг, бу йил Наврўз байрами бошқача бўлади.

Ҳа, бу йил Манасда Наврўз бошқача ўтади. Буюк ўзгаришлар, янгиланишлар силсиласи ҳукм сураётган юртимизнинг барча қишлоқларида ҳам Наврўз бу йил бошқача ўтади.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА
11 166