Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.02.2017 12:43 Чоп этиш версияси

Маъмурий қамоқ нима?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 23-моддасига кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун маъмурий жазо чораларидан бири сифатида маъмурий қамоққа олиш жазоси белгиланган. Мазкур кодекснинг 346-моддаси учинчи қисмида маъмурий қамоқни ўташ Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган қоидалар асосида амалга оширилиши қайд этилган бўлишига қарамасдан, ушбу нормани амалга оширувчи ҳуқуқий механизм “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига қадар мавжуд эмас эди.

Жорий йилнинг 9 январида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонуни маъмурий қамоқни ўташ тартиби билан боғлиқ бўлган муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, маъмурий қамоқни ўташ принциплари, тартиби, маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати, қонуний манфаатларини белгилаб беришни ўзида акс эттирди.

Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ маъмурий қамоққа олиш – маъмурий жазо тури бўлиб, у шахсни жамиятдан вақтинча ажратиб қўйиш шароитларида сақлашдан иборат. У 3 суткадан 15 суткагача бўлган муддатга, фавқулодда ҳолат режими шароитида эса жамоат тартибига тажовуз қилганлиги учун 30 суткагача бўлган муддатга қўлланилади.

Маъмурий қамоқни ўташ учун асос туман (шаҳар) суди маъмурий ишлар бўйича судьясининг қарори, фавқулодда ҳолат режими шароитларида эса, шунингдек, ҳарбий комендантнинг ёки ички ишлар органи бошлиғининг қарори ҳисобланади.

Қонунда белгиланишича, маъмурий қамоққа олинган шахслар махсус қабулхоналарнинг умумий камераларига ёки бир кишилик камераларга жойлаштирилади. Камераларда бир кишига тўғри келадиган майдоннинг нормаси камида 2,5 квадрат метр, аёллар учун эса камида 3 квадрат метрни ташкил этади. Юқумли касалликларга чалинган беморлар сақланадиган камераларда бир кишига тўғри келадиган майдон 4 квадрат метрдан кам бўлмаслиги керак.

Маъмурий қамоққа олинган шахсларга алоҳида ётоқ жойи, кўрпа-тўшак, идиш-товоқ ҳамда овқатланиш анжомлари берилади. Маъмурий қамоққа олинган шахсларга ўзининг кийим-боши, пойабзали ва шахсий гигиена воситаларидан фойдаланишга ҳам рухсат берилади.

Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш бўйича махсус муассаса – махсус қабулхоналар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилади (қайта ташкил этилади ва тугатилади). Махсус қабулхоналар Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳузурида ташкил этилади. Ушбу муассасаларда режимни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан ички тартиб қоидалари тасдиқланади.

Қонун талабига мувофиқ маъмурий қамоққа олинган барча шахслар учун шахсий хавфсизлик таъминланади. Махсус қабулхона маъмурияти ва ходимлари маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдидларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан дарҳол чоралар кўриши шарт.

Қонуннинг 22-моддасига кўра, махсус қабулхона маъмурияти ва ходимларига маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ёзма розилигига кўра уларни ҳақ тўланадиган меҳнатга жалб этиш ҳуқуқи берилган (меҳнатга қобилиятсиз шахслар бундан мустасно). Бунда уларга қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан – Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разрядидан кам бўлмаган ҳақ тўланиши лозим.

Давомийлиги суткасига икки соатдан кўп бўлмаган махсус қабулхона хоналаридаги санитария-гигиена, маиший шароитларни яхшилаш, шунингдек, ички ишлар органи ёки махсус қабулхона ҳудудини ободонлаштириш билан боғлиқ бўлган ишларга ҳақ тўланмайди.

“Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонуннинг 40-моддасида у расмий эълон қилинган санадан йигирма тўрт ой ўтгач кучга кириши (2019 йил 11 январдан) белгилаб қўйилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, қабул қилинган қонун маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатини мустаҳкамлашга, мавжуд қонунчиликдаги “ҳуқуқий бўшлиқлар”ни тўлдириш, жазони ижро этишда ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ва мазкур органлар ходимларининг жавобгарлигини оширишга кўмаклашади.

Ҳусан Хўжамқулов,

Самарқанд вилояти адлия бошқармаси
бошлиғининг биринчи ўринбосари.

ЎзА
3 364






Все о погоде - Pogoda.uz