Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.08.2017 16:45 Чоп этиш версияси

Мамлакатимизда янги ўқув йили арафасида 1 минг 325 мактаб ярмаркаси ташкил этилади

Мамлакатимизда янги ўқув йили арафасида 1 минг 325 мактаб ярмаркаси ташкил этилади Республика "Баркамол авлод" болалар бадиий ижодиёт марказида мактаб ўқув қуроллари, дарсликлар, ўқув ва спорт кийимлари, пойабзаллар кўргазмаси ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири У.Иноятов янги ўқув йилига тайёргарлик бўйича тизимда амалга оширилган ишлар хусусида журналистларга маълумот берди. Янги ўқув йили арафасида мамлакатимизда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 10 августдан 10 сентябрга қадар 1 минг 325 мактаб ярмаркаси ташкил этилади. Жойлардаги савдо мажмуалари, бозорлардан ташқари 927 умумтаълим мактабида ярмаркалар ўтказилиши режалаштирилган. Уларда 26 турдаги ўқув қуроли ва жиҳози сотуви ташкил этилади. Маҳсулотларнинг аксарияти мамлакатимизда ишлаб чиқарилган бўлиб, асосий турдаги маҳсулотларни аниқланган эҳтиёж асосида мутасадди компания ва ташкилотлар етказиб бермоқда.

Мактаб ярмаркалари фаолиятини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимликларда ишчи гуруҳлар тузилган.

Мактаб ярмаркаларига асосий турдаги маҳсулотларни аниқланган эҳтиёж асосида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси, “Шарқ зиёкори” масъулияти чекланган жамияти ва “Шарқ” компанияси етказиб беради. 

– Корхонамиз 10 йилдан буён ўқувчиларга тўқилган кийим-кечаклар етказиб беради, – дейди "Sedat Triko Tоshkent" қўшма корхонаси ходими Мунира Рўзметова. – Мактаб ўқувчилари учун формаларнинг коллекцияларини яратишда маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқарилган табиий матоларни танлашга, мактаб кийимлари қулай, ихчам, замонавий ҳамда гигиеник талабларга мос бўлишига алоҳида эътибор қаратамиз.

15.JPG

Маҳсулотларни сақлаш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа чоралар тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Мактаб ярмаркаларида савдоси ташкил этилаётган маҳсулотларнинг амалдаги стандартларга жавоб бериши ҳамда уларнинг сифати тегишли ташкилотлар томонидан назорат қилинаётир.

Мактаб ярмаркаларида маҳсулотлар нархи сунъий тарзда ошиб кетишига йўл қўймаслик ва тўлов терминаллари узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан доимий назорат йўлга қўйилган.

* * *

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги томонидан янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш, ўқувчиларнинг асосий турдаги ўқув қуроллари – дарсликлар, мактаб формалари, кийим-кечаклар ва пойабзалларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 243-мактабда намунали мактаб ярмаркаси ташкил этилди.

Мамлакатимизда таълим соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ёш авлодни билимли, жисмонан соғлом ва юксак маънавиятли инсонлар этиб вояга етказишга хизмат қилмоқда. Таълим тизимига янги педагогик технологиялар ва интерфаол услублар жорий этилаётгани ўқитишни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётир.

25 (1).JPG

Мактаб ярмаркасида 26 турдаги маҳсулотлар сотуви йўлга қўйилган бўлиб, у ердаги нархлар ота-оналарга манзур бўлмоқда.

– Ҳар йили фарзандларимга ўқув қуроллари, кийим-кечакларни мактаб қошида ташкил этиладиган ярмаркадан харид қиламиз, – дейди Дилором Эгамбердиева. – Чунки бу ердаги маҳсулотлар нархи бозордагига қараганда арзон. Бугун ҳам фарзандларим билан ярмаркага келиб, мактаб формаларини кўздан кечирдик. Уларнинг сифати, бежиримлиги болаларимга ҳар томонлама ёқди.

Даврон Суннатов, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
6 129






Все о погоде - Pogoda.uz