Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.09.2017 06:31 Чоп этиш версияси

Мамлакатимизда муборак Қурбон ҳайити кенг нишонланмоқда

Мамлакатимизда муборак Қурбон ҳайити кенг нишонланмоқда
Қурбон ҳайити кунлари Аллоҳнинг кўплаб хайру эҳсони ёғилади, ўзаро ҳамжиҳатлик, дўстлик ва меҳр-оқибат ришталари мустаҳкамланади, ҳамма баробар хурсанд бўлади. Шу маънода Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги байрами билан уйғун келган Қурбон ҳайитини барча юртдошларимиз шукроналик билан, кўтаринки кайфиятда кутиб олмоқда. Бунда буюк ҳикмат мужассам. 

Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-хотиржамлик, ободлик муҳити, халқимиз турмуши фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли эзгу ислоҳотлар, саъй-ҳаракатлар асл моҳияти муборак Қурбон ҳайити ибодатини адо этиш учун чиққан минглаб юртдошларимиз рози-ризолигида намоён бўлмоқда.

Мустақиллик шарофати билан миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз қайта тикланди, тарихан мазмундор маънавий меросларимиз яна сайқал топди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг жасорати билан халқимизнинг Рамазон ҳайити, Қурбон ҳайити каби маросимлари қутлуғ байрам сифатида нишонланмоқда. Сахий, эътиқодли ва бағрикенг халқимиз бу байрамлар фалсафаси, савобидан баҳра олмоқда.

Бу йил ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ улуғ айёмга мамлакатимиз миқёсида қизғин тайёргарлик кўрилди. Мустақиллик тантаналари билан ҳамоҳанг тарзда кенг нишонланмоқда.

1 сентябрь – муборак жума тонги ўзгача файзли. Мамлакатимиздаги жомеъ масжидларида ҳайит намози ўқилди. Дастлабки маълумотларга кўра, уларда 15 миллиондан ортиқ юртдошимиз саодатли кун ибодатини адо этди.

Пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом жомеъ масжиди ҳам эрта тонгдан юртдошларимиз билан гавжум бўлди.

12.jpg

Ҳайит намози маърузасида Қурбон ҳайити байрами тарихи, муқаддас динимиз буюрган ибодатлар, юртимизда ислом дини ривожи, маънавий қадриятларимиз юксалиши йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, бугунги фаровон ҳаётимиз мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди.

Ҳайит кунлари дўстлик ва биродарлик руҳида хайру саховат каби эзгу амаллар бажарилади, гина-қудратлар унут бўлади. Кишилар яқинларини йўқлайди, беморлар ва муҳтожлар ҳолидан хабар олади, уларга ҳадялар улашади. Бу ўзаро меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлайди.

Қурбон ҳайити маърузасида инсонларга меҳр кўрсатиш, уларнинг ўй-ташвишларини ўрганиб, яхшилик қилиш ғоят савобли тадбирлиги, мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида халқимиз саодатли турмуши йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун олиб борилаётган ислоҳотлар ана шу жиҳати билан ҳам жуда қадрли экани айтиб ўтилди.

– Президентимиз раҳнамолигида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни эзгу ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар меросини ўрганиш, ислом таълимотининг турли йўналишларида чуқур илмий-тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганига барчамиз шоҳидмиз, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов. – Бу албатта, маънавиятимизни янада юксалтириш, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, ижтимоий барқарорлик, ўзаро аҳиллик ва тотувликнинг кучайишига хизмат қилади. Бугунги шукуҳли кунларда оилаларимиз мустаҳкам, фарзандларимиз бахтли, ёшларимиз ҳар томонлама етук, одоб-ахлоқли, Ватани, халқи, дину диёнатига содиқ бўлиб камол топишларини сўраб, дуои хайрлар қилиш асосий бурчимиз ва вазифамиздир. Шу кунларда 7 минг 300 дан зиёд юртдошимиз ҳаж ибодатини адо этмоқда. Улар орасида Президентимиз ташаббуси билан муборак сафарга жўнатилган 70 дан ортиқ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва яна шунча уларга ҳамроҳлик қилувчининг борлиги халқимиз учун қувончли воқеа бўлди. Улар ҳам муборак сафарда Яратгандан Ватанимиз тараққиёти, халқимиз равнақини сўраб Маккаи мукаррамада, Арафот ва Мино водийсида дуои хайрлар қилмоқда.

Юртимиз улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келган. Бу барчамизда фахр ва ўз навбатида масъулият ҳиссини уйғотади. Эндиликда буюк аждодларимиз меросини давом эттириш, уларга муносиб авлодлар бўлиш энг олий бурчимиздир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 15 июнь куни пойтахтимизда ўтган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзуидаги анжуманда бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиб, жамиятимизда соғлом муҳитни янада мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асраш борасида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Жорий йил 23 июнь куни давлатимиз раҳбарининг "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Шу кунларда Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуасига ёндош ҳудудда мазкур марказни барпо этиш ишлари бошлаб юборилган.

Ушбу марказда юртимиздан етишиб чиққан буюк ислом олимлари, аллома ва мутафаккирлари, жаҳон маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган улуғ шоир ва адиблар, рассом ва хаттотларга оид бой маълумотларни мужассам этиш кўзда тутилган.

Жорий йилда Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида буюк аждодимиз, улуғ муҳаддис Имом Термизий мақбараси таъмирланиб, янги масжид бунёд этилди, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Термиз шаҳрида Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси фаолияти ташкил этилди. Шунингдек, Самарқанддаги Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонадаги Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёдаги Абу Муъийн Насафий марказида ақида илми мактаби ташкил этилмоқда. Буларнинг барчаси фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Қурбон ҳайити маърузасида халқимизнинг улуғ фарзанди, мустақиллигимиз асосчиси Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотираси ёдга олинди. У киши раҳнамолигида халқимиз турмуши фаровонлиги, эмин-эркинлигимиз йўлида амалга оширилган кенг миқёсли ислоҳотлар бардавомлиги эътироф этилди.

Ҳайит намозида қўллар дуога очилди. Барчанинг қалбида бир тилак: Шу азиз Ватанимизга кўз тегмасин. Мустақиллигимиз ва тинчлигимиз, ҳамжиҳатлигимиз мангу бўлсин. Эзгу мақсад билан давом этаётган буюк ишларимизнинг баракасини берсин...

Қурбон ҳайити амалларини адо этган юртдошларимиз бир-бирларини улуғ байрамлар билан қутлади.

Улуғбек Асроров, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
3 382






Все о погоде - Pogoda.uz