Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.04.2017 18:22 Чоп этиш версияси

Мамлакатимиз аҳолиси тўла рақамли телевидение билан таъминланади

Пойтахтимизда «ABU – 2017 Tashkent forum» форуми доирасида журналистлар учун медиа конференция ўтказилди. Осиё-Тинч океани эфирга узатиш уюшмаси (ABU) ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилган конференцияда хорижий ва маҳаллий журналистлар, мутахассис ва экспертлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Ш.Шерматов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари Н.Ҳикматуллаев ва бошқалар мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштириш, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар сифатини янада яхшилаш истиқлол йилларида амалга ошириб келинаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади. Телекўрсатувларни тайёрлаш ва тарқатиш жараёнига замонавий ускуна ва медиатехнологиялар мунтазам жорий этилмоқда.

Конференцияда теледастурлар ва радиоэшиттиришларни эфирга узатишда қўлланилаётган янги технологик имкониятлар хусусида сўз борди.

Ўтган ярим асрдан кўпроқ вақт мобайнида телевидение сифат жиҳатдан жиддий юксалишга эришди. Тасвир ва товуш тиниқлаштирилган замонавий телевизорлар пайдо бўлди ҳамда телесигналларни узатиш усуллари такомиллаштирилди.

Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб рақамли телевидениега ўтган ва мамлакатимизда рақамли телевидениени жорий этиш 2007 йилдан бошланган. Тошкент ва Бухорода рақамли телевидение тажриба зонасининг ташкил этилиши янги турдаги кўрсатувларга босқичма-босқич ўтишни бошлаб берди. 2011 йилда мамлакатимизда янги форматдаги трансляцияга босқичма-босқич ўтишга доир аниқ мақсадли ишлар амалга оширилди. Натижада МДҲ мамлакатлари орасида биринчи бўлиб юксак даражада тиниқ кўрсатадиган телевидение – HDTV ишга туширилди. Дунёда телевидениени ривожлантиришнинг янги йўналиши ҳисобланган HDTV тасвир ва товуши тиниқ теледастур ва фильмларни томоша қилиш имконини беради.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 17 апрелдаги Ўзбекистон Республикасида рақамли телевидениега техник ва технологик ўтишга доир Давлат дастури тўғрисидаги қарори бу борада муҳим дастурий ҳужжат бўлиб хизмат қилаётир. Ҳужжатга мувофиқ, рақамли телевидениени жорий этиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, рақамли телевидениега икки босқичда, яъни 2012-2015 ва 2016-2017 йилларда ўтиш кўзда тутилган эди.

– Ҳар бир тайёрланаётган медиа маҳсулот ортида катта жараён, минглаб одамларнинг меҳнати ётади, – дейди Туркия телеэшиттириш компаниясининг (TRT) бош инженери Шаҳин Демир. – Бугун соҳада томошабинлар сонини ошириш ҳамда аудиторияни кенгайтириш учун тасвир ва овоз узатишнинг янги технологиялари жорий этилмоқда, қўшимча қулайликлар яратиш устида тинимсиз изланиш олиб борилмоқда. Ана шундай инновациялардан бири рақамли телевидение бўлиб, у айни пайтда бутун дунё бўйлаб кенг тарқалган. Ўзбекистонда ҳам ушбу инновациядан тўлиқ фойдаланиш учун имконият мавжуд.

Жорий йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармони асосида қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг алоҳида бандида рақамли телевидениени янада ривожлантириш вазифалари белгиланган. Мазкур ҳужжатга биноан мамлакатимиз ҳудудларида 66 юқори қувватли ва 328 кам қувватли рақамли телевидение узаткичи ўрнатилади ва ишга туширилади. Натижада мамлакатимиз аҳолисини, шу жумладан, тоғли ва олис ҳудудлардаги аҳолини рақамли телевидение билан қамраб олиш даражаси 100 фоизга етказилади.

Конференцияда юқори технологияли ускуналар ва махсус телерадиотехникадан самарали фойдаланиш, уларни қўллаган ҳолда медиатехнологиялар асосида кенг турдаги сифатли телерадиомаҳсулотларни яратиш, онлайн-контент ва хавфсизлик, медиа соҳасидаги янгиланишлар, шунингдек, телевизион муҳандис-техник ҳамда ижодий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини тубдан яхшилаш масалалари муҳокама этилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
2 916






Все о погоде - Pogoda.uz