Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.12.2017 18:21 Чоп этиш версияси

Mамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати

Тошкент давлат юридик университетида «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати» мавзуида талабалар илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди.

Адлия вазирининг ўринбосари А.Тошқулов, Тошкент давлат юридик университети проректори З.Эсонова ва бошқалар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатимизни демократик йўлда ривожлантиришнинг ҳуқуқий кафолати эканини таъкидлади. Мазкур ҳужжат халқимизнинг хоҳиш-иродаси, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларини мужассамлаштиргани билан ҳам аҳамиятлидир.

Бош қомусимизнинг жамиятда ва фуқароларимиз ҳаётида тутган ўрни ҳақида фикр-мулоҳазалар юритилди. Мутахассислар ва талабаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мамлакатимиз ислоҳотлари янги босқичидаги ўрни, ҳуқуқий билим ва маданиятни юксалтириш, конституциявий бурч, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим омилларига бағишланган мавзулардаги маърузалари тингланди. Конституцияда ифодаланган инсон манфаатлари, диний қадриятлар, оилавий муносабатлар, ёшлар масалалари тадбир иштирокчилари диққат марказида бўлди.

– Асосий қомусимиз йигирма беш йилдирки, фуқароларимиз тинчлиги, миллатлараро тотувликни таъминлаш, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, халқаро муносабатлар ривожига хизмат қилаётир, – дейди Тошкент давлат юридик университети декани Отабек Бобожонов. – Ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини тушуниб етиш ҳамда ёш авлодни қонунларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган юртда адолат ҳукм суради.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
2 295






Все о погоде - Pogoda.uz