ЎзА Ўзбек

02.08.2018 12:27 Чоп этиш версияси

Маълумот олиш маданияти қачон шаклланади?

Маълумот олиш маданияти қачон шаклланади?

...Яқинда бола тарбияси, ота-оналар масъулияти ва “оила – маҳалла – таълим муассасаси” фаолиятига бағишлаб ўтказилган тадбирда маҳалладошимиз Гулчеҳра Азизова 15 ёшли ўғлининг интернетдан жуда кўп фойдаланиши, ана шундай кунларнинг бирида турли ёзишмалар, сурат ва видеолавҳа орқали кимдир унга таҳдид қилиб, қўрқитганини, сўнг унда кучли руҳий зўриқиш пайдо бўлганини куйиниб гапирди.

Маълумотларга кўра, ўсмирлар бир кунда уч соат вақтини интернетдаги турли сайтларда ўтказади. Электрон почтасига вирусли файлларни қабул қилаётганларнинг 11 фоизи бир неча бор информацион таъқиб остига олинган, хавф-хатарларга учраган ва қўрқитилган.
Бугунги тезкор давр ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, уларни турли таҳдидлар, ёт ғоялар, “оммавий маданият”нинг салбий оқибатлари, иллатлардан ҳимоя қилишни тақозо этмоқда.

Интернетдан фойдаланадиган, ахлоқсиз сурат ва видеоларни атайин излаётганларнинг катта қисмини вояга етмаганлар ташкил этаётгани кишини чуқурроқ ўйлашга мажбур қилмоқда. Бундан ташқари, глобал тармоқ орқали диний экстремизм, фаҳш, гиёҳвандлик, зўравонлик, терроризм каби бало-қазоларни тарқатишга зўр берилаётгани унинг хавфлилигини орттирмоқда. Ҳозирда интернетда мавжуд салбий ва зарарли, ўз-ўзини ўлдириш – худкушликнинг осон йўлларини тарғиб қилувчи сайтлар қарийб 10 мингга яқинлашгани фарзандларимизнинг ундан фойдаланиш маданиятини янада юксалтиришни талаб этади.

Бутун дунёда интернет тармоғининг қамрови тобора кенгайиб бораётир. Ўтган асрда радио, телевидение каби ахборот воситалари ўн йиллар давомида оммалашган бўлса, сўнгги маълумотларга кўра, юртимизда интернет хизматидан фойдаланувчилар 22 миллионга яқинни ташкил этмоқда.

Бунинг сабаби – интернет ахборот олиш, алмашиш, сотиш, харид қилиш каби кундалик эҳтиёжлар учун энг қулай ва самарали воситага айланганида. Айниқса, бу тизим жаҳондаги деярли барча очиқ маълумотларни ўзида жамлагани боис, инсоннинг билим доирасини кенгайтириш, дунёқарашини шакллантиришда тенги йўқ кутубхонадир.

Ҳаёт қадри...

Халқимизда бир йил кейинни ўйласанг дон, ўн йил нарини кўрмоқни истасанг, дарахт эк, юз йил нарини кўрмоқчи бўлсанг, фарзанд тарбияла, деган ҳикмат бор. Илмли ва маънавиятли авлодни камол топтириш мақсади замирида узоқни кўра олиш, юртимизда тинчлик, турмушимиз фаровонлигини таъминлашдек эзгу ғоя мужассам.

Ёшлар маънавиятини юксалтириш, ниҳолларни тўғри парваришлашнинг аҳамияти ҳам ошиб бораётир. Бугун янгиликлар бисёр. Дунёнинг нариги чеккасидаги одам билан гаплашиш, хат ёзишиш имконияти бор. Буларнинг барчаси мамлакатимиз замон билан ҳамқадам ривожланаётганидан далолатдир.

Аммо бу кенг кўламли қулайлик ўзи билан бирга турли таҳдидлар, бебошликлар, дилхираликларни ҳам бошлаб келмоқда. Меҳр-оқибатлилик, андиша, ҳурмат-иззат деган инсоний фазилатларнинг қадри ҳам камаяётир. Бир-бирини йўқлаш, ҳол-аҳвол сўраб кўриб келиш имкони йўқ. Кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказаётган инсонлар учун баҳона бор – “вақтим йўқ”.

Узоқ давом этадиган мазмунсиз ёзишмалар, руҳиятга салбий таъсир этадиган видеороликлар, саломатликка путур етказувчи суратлар билан овора бўлиб, соатлаб вақт сарфланиши бор гап. Аммо ота-она, дўст-ёрлар ҳолини сўрашга... Бу инсоний фазилатларга рахна солаётгани билан ачинарли.

...Пойтахтимиздаги тез тиббий ёрдам мажмуаларидан бирига олиб келинган ўсмир йигит тенгдошларининг қаттиқ ҳазили сабабли вафот этди. Ижтимоий тармоқда “меҳрибон дўстлар“и юборган видеолавҳанинг даҳшатлилиги ундаги юрак-қон томирнинг узилиб кетишига сабаб бўлди.

Умрнинг қадри, ҳаётнинг бебаҳолиги қаерда қолди? Унга таҳдид солиш, бировнинг умрига зомин бўлиш мумкинми?

Интернетдаги эртаклар оилаларни бузмоқда 

Бугун ёшлар орасида танишув сайтлари машҳур бўлиб бораётир. У орқали ёшлар бир-бирининг суратини кўриш, дўстлашиш, телефон рақамларини алмашиш, учрашиш имкониятига эга. Онлайн мулоқотга киришган ёшлар охир-оқибат тўй қилаётир.

Тўй ўтгач “соҳибжамол” келинчакнинг ижтимоий тармоқларидаги ёзишмалари, “ботир” куёвнинг ўргимчак тўри орқали орттирган бебош ва дангаса танишлари хотиржам, узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришга изн бермаяпти.

Интернет орқали сўзлаб берилаётган “эртак ёзишмалар” ҳатто оилаларни бузмоқда. Иллат излаганга иллат бу дунё, ҳикмат излаганга ҳикмат бу дунё. Бугун бу жумлалар гўё интернет ҳақида айтилгандек жаранглайди.

Ҳар қандай касаллик тарқалаётганда тиббиёт нуқтаи назаридан олганда, эмлаш, яъни ўша касалликка қарши иммунитет ҳосил қилиш зарур бўлади. Инсон қалби, онги, унинг маънавиятига таъсир қилувчи ахборотлар, уларнинг хуружидан ўсиб келаётган авлодни асраш, уларнинг тарбияси жамиятдаги энг муҳим масалага айланиб улгурган.

Тарбия масаласига эътибор қилинмаса, келажак бой берилади. Бу сўзларнинг аҳамияти ҳар кун, ҳар лаҳзада юксалиб бормоқда. Зеро, огоҳ, зукко, фикри теран ёшлар келажагимиздир.

Барно Мелиқулова, ЎзА
6 075