Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.02.2017 12:46 Чоп этиш версияси

Малакали тиббий хизмат сифати янада ошади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматни жаҳон андозалари даражасида ташкил этиш, бу борада давлатимиз томонидан яратилган шароитлардан ҳар бир инсоннинг баҳраманд бўлишини таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимида ўз ечимини кутаётган долзарб муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари билан учрашиб, ушбу тизимни такомиллаштириш, муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шу йил 7 февраль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ва соҳанинг ривожланиш истиқболлари яна бир карра муҳокама этилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Вирусология илмий-текшириш институти директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Эркин Мусабоев билан суҳбатимиз ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар, илмий лойиҳаларга бағишланди.

– Тиббий хизматни замонавийлаштириш, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник салоҳиятини юксалтиришга қаратилаётган доимий эътибор инсон манфаатларини муҳофазалашнинг муҳим омили бўлаётир, – деди Э.Мусабоев. – Тиббиёт ислоҳотлари жараёнида вирусология хизмати ҳам ривожланмоқда. Бугунги кунда бир ярим мингдан кўпроқ инфекционист ва вирусолог мутахассис бу йўналишда аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Бирламчи тиббий-санитария муассасаларида тиббий-профилактика тадбирларини узвий ташкил этиш, туман тиббиёт бирлашмалари, вилоят юқумли касалликлар шифохоналарида малакали тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари йўлга қўйилган.

2001 йилдан бошлаб гепатит В га қарши эмлаш жорий этилди. Натижада болалар ўртасида гепатит В тарқалишининг олди олинмоқда. Қон хизмати хавфсизлигини таъминлаш, тиббий хизматни халқаро андозалар даражасида ташкил этиш, бир марта ишлатиладиган тиббиёт асбобларини амалиётда кенг қўллаш инсон саломатлигини муҳофазалашда муҳим самаралар бераётир.

Бугунги кунда бу борадаги ютуқлар билан бирга талай долзарб вазифалар ҳам ечимини кутмоқда. Гепатит В ва С вируслари туфайли келиб чиқадиган жигарнинг сурункали касалликларига қарши курашиш ана шундай вазифалардандир. Гепатит В ва С вируслари парентерал – стерилланмаган тиббиёт, стоматология, косметология жиҳозлари, қон ва табиий йўллар орқали юқади. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошларида мамлакатимизда бу касаллик бўйича мураккаб эпидемиологик вазият юзага келган эди. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, тиббий хизмат сифатини ошириш борасида амалга оширилган узлуксиз чора-тадбирлар туфайли мазкур касалликка қарши курашишнинг самарали тизими яратилди. Бироқ илгари эмланмай қолган катта ёшдаги аҳоли орасида бундай хасталикнинг сурункали турлари билан касалланганларга замонавий тиббий ёрдамни ташкил этиш зиммамизга катта масъулият юкламоқда.

Шуни айтиш жоизки, вирусли гепатитлар узоқ йиллар давомида инсон организмида яширин тарзда кечади. Бунинг натижасида жигар циррози, гепатоцеллюляр карцинома, яъни жигар саратони келиб чиқади. Бу нафақат тиббий, оғир ижтимоий, иқтисодий муаммодир. Чунки бу касалликлар туфайли ўлим кўрсаткичи инсоннинг айни навқирон даврига тўғри келмоқда. Бунга қарши курашиш жамиятимиз олдидаги долзарб вазифадир.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан аҳоли орасида жигар касалликларини аниқлаш бўйича скрининг текшируви ўтказилди. Бу жараёнда аниқланган муаммолар муҳокама этилиб, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

– Вирусли гепатитларнинг сурункали турларини даволаш мумкинми?

– Яқин-яқингача бунинг имкони йўқ эди. Бугунги кунга келиб тиббиёт шу қадар тараққий этдики, натижада илгари давоси бўлмаган кўпгина хасталикларни даволаш имконияти юзага келди. Жумладан, сурункали вирусли гепатитларни эрта аниқлаш ва уни самарали даволашга эришилмоқда. Жигар тўқималари шундай ажойиб хусусиятга эгаки, унга зарар етказаётган вирус бартараф этилса, жигар ўз фаолиятини уч-тўрт ой, кўпи билан бир йилда тиклаб олади. Ҳозирги кунда жаҳон тиббиётида кенг қўлланилаётган бундай янги технологиялардан мамлакатимиз тиббиётида ҳам самарали фойдаланилаётир.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Вирусология илмий-текшириш институти бу йўналишда фаолият юритаётган етакчи илм-фан ва шифо муассасаларидан биридир. Институтимиз қошидаги маслаҳат-ташхис поликлиникасига кунига икки юзга яқин қатнов бўлади. Клиникада жигар касалликларини даволаш бўйича иккита бўлим фаолият юритмоқда.

Бизнинг энг катта бойлигимиз – жаҳон илм-фанининг сўнгги ютуқлари асосида жиҳозланган клиник ва биокимёвий лабораторияларимиздир. Бу ерда яратилган шароитлар туфайли вирус турини, одам ва вирус геномларини чуқур таҳлил этиб, касаллик сурункали турга ўтиш ёки ўтмаслигини олдиндан аниқлаб бера оламиз. Шу асосда тегишли даво муолажаларини қўллаб хасталикни бартараф этиш, инсон саломатлигини асраш мумкин.

Бундан ташқари, жигар касалликларини эрта аниқлаш ва даволашда жаҳон миқёсида кенг қўлланилаётган энг илғор услублар – эластография, фиброскопия каби технологиялар ҳам клиник амалиётга татбиқ этилган. Дунёнинг энг илғор клиникалари қандай усуллардан фойдаланса, бизда ҳам уларнинг барчаси жорий этилган. Шу боис касалликларни даволашда самарали натижаларга эришмоқдамиз.

Тиббиётимизнинг ана шундай замонавий имкониятларидан ҳар бир инсонни, айниқса, юртимизнинг чекка ҳудудларида яшайдиган аҳолини баҳраманд этиш муҳим аҳамиятга эга. Юқорида қайд этилган чора-тадбирлар режасида ана шу йўналишдаги долзарб вазифалар ўз ифодасини топган.

Унга мувофиқ, қишлоқ врачлик пунктларида вирусли гепатитларни аниқлашнинг замонавий усули – экспресс тест тизими жорий этилади. ҚВПлар бу борада қўлланиладиган индикаторлар билан таъминланади. 2017 йилда юз нафардан зиёд инфекционист ва умумий амалиёт шифокорининг Вирусология илмий-текшириш институти, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ва хориждаги етакчи клиникаларда малакасини ошириш режалаштирилган. Бу борада Ҳиндистон ва Япониядаги етакчи клиникалар ва илм-фан марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўймоқчимиз. Ушбу давлатларда вирусология ва гепатология соҳасида катта илмий ва амалий тажриба орттирилган.

Вилоятлардаги юқумли касалликлар шифохоналарида гепатология марказларини ташкил этиш режалаштирилган. Туман тиббиёт бирлашмаларида инфекционист ва гастроэнтеролог шифокорлар бу йўналишда вилоят мутахассислари билан ҳамкорликда аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Бундан мақсад сурункали жигар касалликлари билан хасталанган беморларни ҳисобга олиш, уларнинг соғлиғини доимий назорат қилиш ва соғломлаштиришдир. Зеро, сурункали вирусли гепатитга чалинган беморлар касалликнинг эрта босқичларида аниқланса, уларни соғломлаштириш учун амбулатор муолажаларнинг ўзи кифоя қилади.

– Вирусли гепатитларнинг олдини олиш мақсадида ўтказиладиган эмлаш ишлари ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

– Гепатитнинг В турига қарши эмлашнинг самарали тизими яратилган ва болалар ўртасида вакцинация ишлари муваффақиятли бажарилмоқда. Катта ёшдаги инсонлар ҳам ўзларини эмлатишлари мумкин. Бунинг учун вирусология лабораторияларида организмда вирус бор ёки йўқлигини аниқлатиш керак. Бундай таҳлилларни бизнинг клиникамиздаги лабораторияларда, вилоятларда юқумли касалликлар шифохоналари ва санитария-эпидемиология марказлари тизимидаги лабораторияларда амалга ошириш мумкин. Эмлатиш учун ўзига яқин ҳудуддаги вакцина марказларига мурожаат этиш кифоя.

Гепатит С га қарши вакцина ҳозирча мавжуд эмас. Бироқ илмий изланишлар натижасида ушбу вирус келтириб чиқарган сурункали касалликка қарши дори воситаси яратилиши жаҳон тиббиётининг катта ютуғи бўлди. Айни пайтда олимлар, мутахассислар, фармацевтика саноати вакиллари ушбу дори воситасини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш юзасидан изланиш олиб бормоқда.

Шу билан бирга, жигарни ҳимоялаш, иммунитетни кучайтиришда қўлланиладиган замонавий шифо воситаларини яратиш бўйича изланишлар ҳам йўлга қўйилган. Ўзбекистон Фанлар академиясининг бир қатор илмий-тадқиқот институтлари, хориждаги нуфузли илм-фан муассасалари билан бу борадаги ҳамкорлигимиз илм-фан олдида турган устувор вазифаларни ҳал этиш, тиббий хизматни янада ривожлантиришга замин бўлади.

Баҳор Хидирова, ЎзА
988






Все о погоде - Pogoda.uz