Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.07.2017 18:24 Чоп этиш версияси

Малакали ҳарбий шифокорлар етишиб чиқмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 июлдаги қарори асосида Тошкент тиббиёт академияси ҳузурида ҳарбий-тиббиёт факультетининг ташкил этилиши Қуролли Кучларимизни етук ҳарбий шифокорлар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий-клиник госпиталида мазкур факультет фаолиятига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Ҳарбий-тиббиёт факультети бошлиғи Ж.Собиров ва бошқалар Қуролли Кучларимиз қудратини янада ошириш орқали халқимизнинг тинч ва фаровон турмушини таъминлаш, ҳарбий тиббий соҳани ислоҳ қилиш, барча бўғиндаги профессионал ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Ҳарбий тиббий хизматнинг юқори малакали офицерлари, резерв ва захирадаги мутахассислар таркибини тайёрлаш, Қуролли Кучлар тиббий ходимларининг ҳарбий ва касб тайёргарлиги даражасини мунтазам ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, махсус билим ва кўникмаларини чуқурлаштириш, ҳарбий тиббиёт соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳарбий-тиббиёт факультетининг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Айни пайтда ҳарбий-тиббиёт факультетидаги мавжуд кафедралар, барча шароит муҳайё этилган ўқув хоналари ва ётоқхоналар, замонавий техник воситалар, тренажёрлар, спорт зали, иккита кутубхона, замонавий жиҳозлар ҳамда компьютерлар курсантлар ихтиёрида. Курсантларга катта илмий ва ҳаётий тажрибага эга тиббий хизмат офицерлари сабоқ беради. Курсантлар назарий машғулотлардан ташқари, ҳарбий дала-ўқув машғулотларида ҳам маҳоратини мунтазам ошириб боради. Ўқитиш тизими замонавий таълим стандартлари асосида олиб борилмоқда.

Ўтган беш йил мобайнида факультетни юздан ортиқ офицерлар тамомлади ва ҳарбий қисмларда хизмат қилмоқда.

Тадбирда факультет педагогик жамоасининг илмий изланишлари, соҳада эришилаётган ютуқлар, давлат мукофотига сазовор бўлган ҳарбий хизматчилар фаолияти фахр билан тилга олинди. Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур факультет 2016 йил олий ҳарбий таълим муассасалари рейтингида биринчи ўринни эгаллаган.

Ўз вазифасини сидқидилдан бажариб келаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва курсантларга мукофотлар топширилди. Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли, эл ардоғидаги санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага манзур бўлди.

Нурилло Насриев, ЎзА
1 825






Все о погоде - Pogoda.uz