ЎзА Ўзбек

06.03.2018 13:03 Чоп этиш версияси

Мактаблар учун замонавий ускуналар

Япония ҳукуматининг кичик ҳажмдаги ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам дастури доирасида Қорақалпоғистонда икки умумтаълим мактаби, хусусан, Чимбой туманидаги 38-, Нукус шаҳридаги 2-умумтаълим мактаблари замонавий асбоб-ускуналар ҳамда техника жиҳозлари билан таъминланади.

Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги хабар берди.

Чимбой тумани “Жипек жоли” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 38-умумтаълим мактабининг биринчи биноси 1973 йил, иккинчи биноси 1991 йил қурилган бўлиб, 2007 йил таъмирдан чиқарилган. 12х24 метр ўлчамдаги спорт зали, мажлислар зали, ошхона ва устахонадан иборат. Ҳозирда 155 ўқитувчи 900 ортиқдан ўқувчига таълим-тарбия бермоқда.

Нукус шаҳридаги 2-умумтаълим мактаби эса 1970 йил фойдаланишга топширилган. 4 қаватли мактаб 960 ўқувчига мўлжалланган. Мактаб 2007 йилда таъмирдан чиқарилган.

Япония давлатининг мамлакатимиздаги элчихонаси иккинчи котиби Макото Хоригучи ва ушбу давлатнинг мамлакатимизда кичик ҳажмдаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича координатори Куриа Цутаки яқинда ушбу икки умумтаълим мактабида бўлди ва асбоб-ускуналар билан таъминланиш ҳолатини ўрганди.

Анвар Насирлаев, ЎзА
9 708