Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2018 11:16 Чоп этиш версияси

Мактабгача таълим муассасасида илк эксперимент

Мактабгача таълим муассасасида илк эксперимент
Сергели туманидаги 18-мактабгача таълим муассасасида соғлом овқатлантиришни ташкил этишнинг янги тартиби бўйича илк эксперимент бошланди.

Сергели туман мактабгача таълим бўлими ҳамда “AZIYA BEST DISTRIBUTION” масъулияти чекланган жамияти билан тайёр таомларни етказиб бериш мақсадида тўғридан-тўғри шартнома имзоланиб, мазкур боғчанинг ошхонаси корхонага фойдаланишга топширилди, деб хабар беради Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати.

Тажриба – синов тариқасида ўтказилган тадбирда вазирлик раҳбарияти, Тошкент шаҳар мактабгача таълими бош бошқармаси, Ўзбекистон Ошпазлар Уюшмаси ва яна бир қатор мактабгача таълим муассасалари вакиллари иштирок этган.

Ошпазларнинг ташқи қиёфасидан тортиб, таомнома бўйича тайёрланаётган таомлар технологияси ва сифати йиғилганлар эътиборини тортди, озиқ-овқат маҳсулотлари санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда етказилганига ҳеч қандай шубҳа қолмади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Президентимизнинг 2017 йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра Тошкент шаҳрида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ишларини эксперимент тарзида амалга ошириш белгиланган эди. Қолаверса, 2017 йилнинг 19 декабрида давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам боғчаларда болаларни соғлом овқатлантириш ҳамда уларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланган.


Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
18 862