Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.04.2018 16:27 Чоп этиш версияси

Мактабдаги нохуш манзара

Мактабдаги нохуш манзара Бўз туманидаги “Мустақилликнинг 15 йиллиги” маҳалласида жойлашган 8-умумтаълим мактабига кирар эканмиз, асосий биносидан керосин аралашмаси қоришиқ рангнинг бадбўй ҳиди анқиб турганига гувоҳ бўлдик...

Республика ишчи гуруҳи вакиллари бу ерга келгунига қадар компьютер хонаси бутунлай ёпиб қўйилган экан. 15 дона компьютер қаровсиз аҳволда ётибди. 1983 йилда фойдаланишга топширилган мактабда 24 нафар ўқитувчи 256 та ўқувчига таҳсил бермоқда.

– Қанча вақтдан буён бу ердаги компьютерлар ишламаётган эди, – деб сўраймиз мактаб директори Жўрабек Акбаровдан.

– Бир-икки ҳафта бўлди, фақат иккитаси ишлаб турибди, – дейди директор. – Электр ўчиб-ёнавериб, программаси ўзгариб кетибди. Ҳечқиси йўқ, ҳозир тузатишади. 

02.JPG 

Бу мужмал жавобга ойдинлик киритиш учун туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Фарҳод Умрзоқов билан телефон орқали боғландик.

– Чироқлар ўчиб-ёнавериб, мактаблардаги компьютерларни куйдириб юбораяпти экан. Зарарини ким қоплайди, – деб сўраймиз туман электр таъминоти раҳбаридан.

– Кечириб қўясизлар-ку, 2017 йил сентябрдан буён электр тармоғида деярли узилиш бўлгани йўқ, – деди у ўз ҳайронлигини яшира олмай. – Тўғри, январь ва февраль ойларида бир-икки соатга онда-сонда узилишлар кузатилди. Лекин бу ҳолат компьютерларнинг техник бузилишига асос бўла олади, деб ҳисобламайман. Биз етказилган зарар ҳақида ҳеч кимдан ҳеч қандай огоҳлантириш олганимиз йўқ.

Мактабдаги биология-кимё хонасининг ҳам чироқлари бутунлай ишламаётганига гувоҳ бўлдик.

“Мактаб кутубхонаси” деб аталувчи кичик бир хонада эса 100 тага етар-етмас китоб бор экан, холос. Кутубхоначининг айтишича, китоблар сони 380 та бўлиб, ҳозирда аксарияти ўқувчилар қўлида қизғин ўқиш мақсадида олинган экан. Картотекаларни кўздан кечирганимизда, бу фикр тўғри эмаслиги ойдинлашди.

Асосий бино 2008 йилда капитал таъмирланган. Унга ёндош замонавий спорт зали эса 754 миллион сўмга 2016 йилда қурилган. Ечиниш-кийиниш залидаги ювиниш хоналари эшиги бурама михлар билан мустаҳкам ёпиб ташланган экан.

– Нега эшикларни очилмайдиган қилиб ташладингиз, – сўраймиз яна директордан.

– Баҳорги таътилда эшикларни беркитиб қўйган эдик, – дея ёлғон сўзлар билан вазиятдан чиқишга уринди директор. – Сув ҳайдаш насоси куйиб қолгани сабабли душ ишламай турибди.

Спорт майдончаси томон чиқар эканмиз, юзга яқин ёшлар катта иштиёқ ва қизиқ билан машғулотлар ўтказаётганига гувоҳ бўлдик.

10-синф ўқувчиси Мушарраф Машраббоева ана шундай истеъдодли ёшлардан саналади. У бокс бўйича қувноқлар ва зукколар танловида, расм чизиш баҳсларида бир неча бор вилоят ва республика босқичларида иштирок этган ва ғолиб бўлган экан. У ҳар қандай шароитда ҳам машғулотлар олиб боришга, Ўзбекистон чемпиони бўлишга, қизиқишлари сари сира толмаслигини айтди.

– Кутубхонадан ҳам адабиётлар ўқиб турасизми?, – сўраймиз Мушаррафдан.
– Албатта, Муҳаммад Юсуфни олиб ўқийман.

– Аммо кутубхонада шоирнинг китоблари бу рўйхатда йўқ эди-ку?

Истеъдодли қиз кутубхонадан Муҳаммад Юсуф шеърлари тўпламини топа олмагач, ўзи сотиб олганини айтди.

Мактабнинг стадион атрофидаги 500 метр қўрғон деворлари 1983 йилдан буён ўралмай қолмоқда. Унга ёндош зовур эса чиқиндиларга тўлган, қуроқ ва қовға ўтлар ўсиб ётибди, 2 йилдан буён тозаланмаган.

Мактабга шошилинч етиб келган туман Халқ таълими бўлими мудири Шавкатбек Мамаризаевнинг билдиришича, туманда 29 та мактаб бўлиб, уларнинг 16 тасининг 8000 метр теварак-атрофи ўралмаган. Тумандаги 4 та мактаб капитал таъмирга, 3 та мактаб жорий таъмирга муҳтож, 3 та мактабнинг том қисми таъмирлаб аҳволда, 7 та таълим муассасасида 2700 метр ичимлик суви қувури тортиб келиш зарур.

– 2018 йилда бюджетдан 3 та мактабнинг деворини ўраш учун маблағ ажратилди, – дейди Ш.Мамаризаев. – 10-, 22-, 26-умумтаълим мактабларида 225 миллион сўмлик ишлар олиб борилмоқда. Мактабларнинг асосан, орқа томони ўралмаган. Китоблар муаммосига келсак, меъёрларга кўра ҳар бир болага 4 тадан адабиёт тўғри келиши керак. Аммо туман миқёсида бу кўрсаткич, 2,5-3 тадан ортмаяпти. Бу муаммони ҳомийлик асосида ечишни кўзда тутганмиз. Компьютер билан тўлиқ таъминланганмиз. 29 та мактабда 36 та хонада 530 та компьютер бор. Уларни қандай ишлатилаётгани, яроқли-яроқсизлиги ахборот-коммуникация технологиялари бўйича мутахассисимиз ҳар олти ойда текширув ўтказиб, мониторинг қилиб бориши керак. Албатта, ҳозирги ҳолат учун мактаб маъмурияти айбдор ва тегишли чораларни кўрамиз.

ЎзА
10 258