Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.08.2017 12:44 Чоп этиш версияси

Мактаб ярмаркалари: қулай ва арзон

Мактаб ярмаркалари: қулай ва арзон Самарқанд вилоятида ҳам таълим муассасалари, бозорлар ва савдо мажмуаларида анъанавий мактаб ярмаркалари иш бошлади.

Бугун фарзанди таълим муассасасига борадиган ота-онанинг ташвиши битта – янги ўқув йили учун боласига кийим-кечак, ўқув қуроллари харид қилиш, уларни мактабга тайёрлаш. Шундай паллада бозорларда нарх-наво ошиб кетишининг олдини олиш, ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида ҳар йили август ойида жойларда мактаб ярмаркалари ташкил этилиб, ўқувчиларни сифатли ва арзон ўқув қуроллари, кийим-кечаклар билан таъминлаш чораси кўрилмоқда.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда туман ва шаҳарлардаги 52 умумтаълим мактаби, 16 бозор ва савдо мажмуаларида 26 турдаги ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар билан савдо қилувчи ярмаркалар фаолияти йўлга қўйилган. Уларни керакли миқдорда маҳсулот билан таъминлаш мақсадида вилоятдаги улгуржи савдо базалари, тадбиркорлар билан шартномалар тузилган. Аксарият умумтаълим мактаблари ўқувчилар формаси бўйича ўз ҳудудларидаги тикувчилик корхоналари билан шартнома тузиб, белгиланган намунадаги кийим-кечаклар савдосини йўлга қўйган. Бу ота-оналар учун ҳар томонлама қулай бўлмоқда.

Вилоятдаги китоб дўконлари, матбуот тарқатиш шохобчаларида ҳам арзон нархларда мактаб ўқув қуроллари сотилмоқда. Шундай ярмаркалар вилоятдаги 20 га яқин ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасида ҳам ташкил этилди. Мактаб ярмаркаларида сотилаётган маҳсулотлар сифати, нархи, ўқув қуролларидаги сурат ва бошқа воситаларнинг маънавиятимизга мослиги назоратга олинган.

Самарқанд шаҳрида 10 га яқин савдо мажмуаси билан бирга 4 умумтаълим мактабида ҳам шундай ярмарка фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, 20-умумтаълим мактабида ташкил этилган ярмарка ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан гавжум.

– Мактаб маъмурияти биз – ота-оналар билан келишган ҳолда ўқувчилар учун форма жорий этган, – дейди Саодат Шоҳусаинова. – Фарзандларимга ушбу кийим-кечакларни харид қилдим. Дафтар, ручка ва бошқа ўқув қуроллари ҳам бошқа жойлардагидан арзон ва сифатли. Уларнинг мамлакатимизда ишлаб чиқарилгани, айниқса, дафтар ва кундаликлар жилдида буюк алломаларимиз сурати, ибратли ҳикматлари акс этгани менга манзур бўлди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
3 279






Все о погоде - Pogoda.uz