Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.02.2017 15:43 Чоп этиш версияси

Чилонзор туманидаги мактабда “Боладан болага” китобхонлик акцияси ўтказилмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилингандан сўнг пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 79-умумтаълим мактабида янги анъана жорий этилди. Ҳар бир синфда “Боладан болага” номли китобхонлик акцияси ташкил қилинди. Унга кўра ўқувчи ўзи севиб ўқиган китобни синфдошларига тавсия этади ва синф бурчагидаги кутубхонага қўяди.

Мактаб қўнғироғи чалиниб, ўқувчиларни танаффусга чорлади. Бир зумда кутубхона китоб сўраб келган ўқувчилар билан гавжумлашди. Бўй-бастига қараб, уларнинг бошланғич синф ўқувчилари эканлигини илғаш қийин эмас.

– Қарийб 14 минг китоб, 4 мингдан ортиқ электрон адабиёт фондига эга кутубхонамизда компьютерлар ZiyoNET интернет тармоғига уланган, – дейди мактаб кутубхоначиси Барно Ғоипова. – Бу зарур адабиётларни юклаб олиш ҳамда электрон кўринишда фойдаланиш имкониятини бераётир. Дарсликлардан ташқари бадиий нашрлар, инглиз ва рус тилларидаги адабиётлар ҳамда турли соҳа ва йўналишга оид китоблар мавжуд. Мактабимизда мингдан ортиқ ўқувчи таълим олади. Уларнинг деярли барчаси кутубхонага аъзо.

Биринчи Президентимизнинг 2006 йил 20 июндаги “Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ таълим муассасаларида ташкил этилган ахборот-ресурс марказлари нафақат ўқувчи-ёшларга, балки кенг аҳоли қатламига намунали хизмат кўрсатиши белгиланган эди. Мазкур таълим муассасасидаги ахборот-ресурс маркази ва кутубхонадан ўқувчилар билан бирга тумандаги Оқтепа маҳалласи аҳолиси ҳам кенг фойдаланмоқда.

Ушбу таълим даргоҳига ёзувчи-шоирларни тез-тез таклиф қилиш ўқувчиларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, мутолаа маданиятини кучайтиришда яхши самара бермоқда. Бу ерда турли муҳим саналарга бағишлаб кўргазмалар, янги китоблар тақдимоти, китоб танловлари ташкил қилинади. Айниқса, бошланғич таълимда болаларнинг ўқиш маданияти ва мутолаа кўникмаларини шакллантириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

– 1-синф ўқувчиларига “Ўқиш китоби”, “Одобнома” дарсларидан ташқари қўшимча адабиётлар, уларнинг ёши ва психологиясига мос китоблар ўқишни тавсия қиламиз, – дейди мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Саодат Нишонова. – 2-синфда бу адабиётларнинг мазмуни мураккаблашиб, воқеалар ривожланиб бораверади. 3-4-синфларда бошқа халқлар эртаклари тавсия этилади. Президентимиз фармойишидан сўнг биз бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарини ҳам китоб мутолаасига жалб этиб, фарзандининг бадиий асарларни мустақил ўқишини назорат қилишга чорладик. Ҳозир ҳар ойнинг иккинчи ҳафтасида ота-оналар учун “Фарзандимга китоб совға қилдим” акциясини ўтказмоқдамиз. Ота-оналаримиз фарзандининг туғилган куни ёки турли байрамларда энг муносиб туҳфа – китоб совға қилмоқда. Бу яхши анъана, албатта. Китоб ўқиган боланинг тафаккури кенг, нутқи равон бўлади, сўз бойлиги ошади.

Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган нақл бор. Ёшлар учун ота-она намуна бўлмоғи лозим. Болаларнинг таълим олишига, китоб ўқишига мурғаклигидан эътибор қаратиш муҳим. Бу йўналишда синф раҳбарлари билан ота-оналар ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатилган.

Мактабда мунтазам равишда «Китоб марафони» тадбири ўтказилади. Унда ҳар бир ўқувчи мактаб кутубхонаси фондини тўлдириш учун ўз ҳиссасини қўшади. Бундан ташқари, бошланғич синфларда ўтказиладиган «Китоб – офтоб» кечаларида эртак, ҳикоя ва ривоятлар асосида саҳналаштирилган томошалар намойиш этилади. Ўқувчилар ўқиган китобларининг мазмунини ҳикоя қилиб беради. Юқори синфлардаги «Китоб – маърифат манбаи», «Китоб тақдимоти» тадбирларида ҳам ўғил-қизлар фаол иштирок этади. Бунда ҳар бир синф ўқувчилари берилган асарни ўқиб, шу асосда саҳна кўриниши, савол-жавоб, асарнинг тарбиявий аҳамияти, топишмоқ шартлари бўйича ўз тенгдошлари билан беллашади.

Самарали лойиҳалардан яна бири – “Бир фарзандга уч китоб” лойиҳаси бўлиб, унга кўра нашриётлар билан ҳамкорликда янги нашрлар, болаларнинг дунёқарашига мос адабиётлар сотуви ташкил этилган. Анъанавий ўтказилаётган «Энг яхши китобхон» кўрик-танлови мактаб ўқувчилари учун ҳақиқий шодиёнага айланиб кетади. Яқинда туман мактаблари ўртасида ўтказилган “Китоб ва ёшлар” кўрик-танловида мактабнинг 9-синф ўқувчиси Анора Бўрибоева биринчи ўринни эгаллади. “Китобим – офтобим” танловида 5-синф ўқувчиси Феруза Мирзахалилова фахрли ўринга сазовор бўлди.

Кутубхона фондини доимий равишда янгилаш ва тўлдириб бориш, илмий-маърифий, бадиий адабиётлар билан бойитиш, ўқувчиларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш борасида изланишлар олиб борилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар самарасида кутубхона ёш авлод диди, тафаккури ва ички оламини юксалтиришга хизмат қиладиган, халқимизнинг фидокорона меҳнати, маънавий-руҳий дунёси, баркамол авлод тарбиясидаги эзгу интилишларини теран бадиий акс эттирадиган адабиётлар билан тўлдирилмоқда.

– Бугунги глобаллашув жараёнида фарзандларимиз компьютер, телевизор, интернет, мобиль телефонлар домига тушиб қолмоқда, – дейди мактаб директори Гавҳар Даминова. – Бундай ҳолатнинг олдини олишнинг таъсирчан йўлларидан бири – болаларни китоб мутолаасига ошно қилишдир. Хонадонларимизда фарзандларимиз катта қизиқиш билан ўқийдиган халқ эртаклари, достонлар, “Одам ва олам энциклопедияси”, “Болалар энциклопедияси”, миллий ва жаҳон адабиётининг дурдона асарлари ўрин олса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Болалигимда бувижоним менга “Ўзбек халқ эртаклари” китобини совға қилгани ҳалигача эсимда. Эртакларни мижжа қоқмай, мириқиб ўқиб чиқиб, уйқу олдидан уни ёстиғим остига қўярдим. Эртак қаҳрамонлари тушларимга кириб чиқарди. Ҳозирги ёшлар мобиль телефон ёки планшетларга бадиий адабиётларнинг электрон нусхасини ташлаб, ўқишади. Тўғри, бу қулай усул. Лекин ёқимли қоғоз иси келиб турган китоб ўқишнинг завқи бошқача-да.

Азима Қиёсова, ЎзА
3 131






Все о погоде - Pogoda.uz