ЎзА Ўзбек

07.11.2019 Чоп этиш версияси

Фарғонада ўқитувчи 25 йилдан сўнг оқланди, прокурор эса ундан кечирим сўради

Фарғонада ўқитувчи 25 йилдан сўнг оқланди, прокурор эса ундан кечирим сўради

Фарғонада бўҳтон қурбони бўлиб, суд ҳукми билан оқланган ўқитувчидан прокурор 25 йил аввалги хатолик учун узр сўради.

Адолат барибир қарор топади. Чунки мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш йўлида жиддий саъй-ҳаракатлар киришилди. Айниқса, кейинги пайтда судларда ҳам оқлов ҳукмлари сони кескин ошди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди кассация судлов ҳайъати томонидан Бағдод туман судининг 1994 йил 20 декабрда Турсунхўжа Абдураҳмоновга нисбатан чиқарган айблов ҳукми бекор қилинди. 

Суднинг ҳукмига кўра, Т.Абдураҳмонов бир дона қирқма ов милтиғини ётоқхонасидаги ёстиқ остида ва 41 грамм кўкнор бошоқларини меҳмонхонасидаги дераза токчасида қонунга хилоф равишда сақлаганликда айбланган ва 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, меҳнатга мажбуран жалб қилинган эди. Вилоят суди мазкур жиноят ишини кўриб чиқиб, уни жиноят содир этмаган деб топди ва уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 83-моддасига асосан реабилитация қилди, яъни оқлади. 

Судда аниқланишича, ўқитувчилар иш ҳақини ошириш ҳақида Президентга мурожаат қилишгани учун мактабнинг илмий мудири Т.Абдураҳмонов ўша вақтдаги вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан уюштирилган бўҳтон қурбони бўлган.

–Фаолиятим давомида кўплаб оқлов ҳукмлари чиқарилган, лекин буниси бошқача бўлди, дейди жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судьяси Раҳматжон Арапов. – Жараён давомида давлат айбловини қувватловчи прокурор Т.Абдураҳмоновга нисбатан оқлов ҳукми чиқариш лозимлигини айтди. Ундан ўша вақтда йўл қўйилган хатолик учун узр сўради, судлов ҳайъати оқлов ҳукми чиқарди, 70 ёшни қоралаётган нуроний отанинг кўзларидан эса севинч ва шукур ёшлари оқди. Айрим шахслар каби асоссиз судлангани учун гина сақламасдан Ўзбекистонимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган, мураббийлик фаолияти давомида Ватанни севиш, шижоат, ҳалоллик, илмга интилиш каби туйғуларни минглаб ёшлар қалбига сингдира олган ва фарзандларини ҳам жамиятнинг илғор вакиллари сифатида улғайтира олган Турсунхўжа ота Абдураҳмоновдан ҳар қанча ўрнак олса арзийди. 

19 448
М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА