Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.07.2018 12:41 Чоп этиш версияси

Мактаб директори лавозимига кимлар сайланишга муносиб?

Мактаб директори лавозимига кимлар сайланишга муносиб?
Мамлакатимиз халқ таълими тизимида туб ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилаётгани барчамизни қувонтирмоқда. Чунки халқ таълими тизимидаги кўпчиликни қийнаётган муаммолар Президентимиз нутқлари ва расмий ҳужжатларда ўз аксини топмоқда.

“Ниҳоят, мактабнинг манглайида ҳам қуёш чарақлайдиган, муаллимнинг ҳам косаси оқарадиган бўлди!” – дея шукрона айтмоқда халқимиз. Энг муҳими, мазкур ижобий ўзгаришларда жамоатчиликнинг фикри салмоқли аҳамият касб этмоқда. Шу йўсин халқнинг давлатга, Президентга ишончи тобора ортиб бормоқда. Албатта, бу сўзлар халқ таълими соҳаси гулистонга айланганини англатмайди. Ҳали-ҳозирча муаммолар бисёр ва уларни бартараф этиш йўлларини биргаликда излашимиз даркор.

Яқинда бир танишим мактаб директори лавозимидан воз кечди. Унинг бу қарори мени ажаблантирди. Ахир узоқ йиллар малака ошириш тизимида ишлаган, эндигина 48 ёшни қоралаган бу мутахассис туғилиб ўсган қишлоғидаги мактабга зарур эди-да. Қолаверса, бу лавозимда у бор-йўғи 1,5 йил ишлабди. Ундан қарори сабабларини суриштирдим. Маълум бўлишича, у мактабдаги фаолияти давомида оиласига маошини олиб бормабди. Мажлисларга қатнаш, дала ишларига ҳисса қўшиш, семинарларга бориш, текширувчиларни кутиб олиш ва кузатиш мактаб ҳаётида содир бўладиган ва кўзда тутилмаган кунлик харажатларни қоплаш учун ойлик маош етмаслигини, ноқонуний йўл билан пул топишга қўли бормаслигини куюниб таъкидлади. Энг афсусланарлиси, у ўқитувчиларда жон куйдириб ишламаслик кайфияти шаклланиб қолганини, текширишларни ими-жимида ёпиш ташаббуси айнан ўқитувчилардан чиқишини, ўртамиёна савиядаги муаллимлар мукофот илинжида ўқувчиларини номақбул йўллар билан турли танловларда ғолиб бўлишга эришишларини кўравериб чарчаганини айтди.

Хўш, бугун мактаб директори лавозимига кимлар сайланишга муносиб? Олий маълумотли ҳар қайси мутахассис ўқитувчиликка лойиқми? Ушбу саволларга жўяли жавоб топиш ҳозир ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифа. Унутмайликки, ҳар бир мулоҳаза мактаб таълимини мусаффолаштириш ва такомиллаштиришга муносиб ҳиссадир. 

Мен Чортоқ туманидаги 22-ўрта мактабда ўқиганман. Кейинчалик шу мактабда 11 йил ишладим. Ўқувчилик, ўқитувчилик ва раҳбарлик даврим шу мактабнинг гуллаб-яшнаган пайтига тўғри келди.

ХХ асрнинг 60-70 йилларида мактабимизни Отахон Нарзуллаев бошқарган.

Қўнғироқ чалиниб, дарс бошлангач, Отахон домла мактаб дарвозаси олдидаги стулга бориб ўтирарди. Ўзи учун белгилаган бу тартибни у ҳеч қачон бузмаган. 

Барча учун шу кифоя эди. Ўқитувчи ва ўқувчилар дарсга кечикмасликка интилардилар. Зеро, мактаб дарвозаси олдида қўр тўкиб ўтирган директор домланинг олдидан ўтишнинг ўзи бўлмасди. Кейин у кишининг мактаб биноси йўлаклари бўйлаб юриши бошланарди. Ҳамма билардики, домла дарс кузатмоқда. Гарчи ўринбосарнинг пухталигига шубҳа қилмаса-да, Отахон Нарзуллаев ҳар бир ўқитувчи қандай дарс ўтаётганини, қайси ўқувчи дарсда қандай иштирок этаётганини доимо ўзига хос усулда кузатиб боришни истарди. Эрталабки сафланишларнинг бирида домла “Қўймуроднинг ўғли адабиётдан тузук!” деганда бошим осмонга етганди. Негаки, домланинг “Тузук! Тузуксан!” – қабилидаги эътирофини эшитиш ўқитувчи ва ўқувчилар учун улкан мақтов ҳисобланарди.

Мен ишонаман: ҳозир ҳам ҳар бир шаҳар, қишлоқ, маҳалла ва мактабда Отахон Нарзуллаев каби туғма директорлар бор. Фақат аксарият ҳолларда директорлик лавозими уларга раво кўрилмаяпти, холос. Мактаб таълими бугун Отахон Нарзуллаев каби туғма директорларга муҳтож. Домланинг истеъдодли шогирди, халқ таълими фидойиси Қурбонали Тўлабоевдан сўрайман: “Отахон Нарзуллаев қандай қилиб мактабимизда шундай мукаммал муҳит яратган?”

“Устоз ўқитувчиларни чертиб-чертиб ишга қабул қиларди. Ўқитувчиликка муносибларни қидирарди. Шундай ёшларни танлаб, саралаб ўзи олий ўқув юртига юборарди. Феъли оғир ва тили тез муаллималар, ичкиликка мойил ва чекадиган ўқитувчилар у кишининг олдига иш сўраб киришмаган табиий равишда. Билим ва интизом домла учун таълимнинг қўш қаноти эди. Шунинг учун домланинг талабига жавоб беролмайдиган педагоглар ўз-ўзидан бошқа мактабларга жойлашишарди. У кишининг уч нафар фарзанди ўқитувчи бўлса-да, фақат биттаси отаси қўл остида ишларди. Бу – чин раҳбарликка хос қадрият. Балки шу сабаб биров устоздан норози бўлмаган ёки юқори ташкилотларга шикоят ёзмаган!” дея эҳтиром билан сўзлади Қурбонали домла ва афсус билан қўшиб қўйди “эҳ шундай азиз анъаналарни бой бердик, а?!”

Юқоридаги мулоҳазаларни қоғозга туширар эканман, мактаб директорлари эндиликда Кузатув кенгашлари томонидан сайланиши ҳақидаги хабар жамоатчилик томонидан хурсандчилик билан қабул қилингани ва қўллаб-қувватланганини алоҳида эслатмоқчиман.

Президент Шавкат Мирзиёев Конституциямизнинг 24 йиллигига бағишланган тантанадаги маърузасида келажакда ҳокимлар халқ томонидан сайланиши хусусида инқилобий мулоҳазалар билдирганди. Мактаб директорларининг сайланиши билан боғлиқ ташаббус шундай ислоҳотларнинг дебочаси сифатида ҳар қанча олқишланса арзийди. Халққа қўйиб бериш керак. У фарзандларини кимга ишонишни жуда яхши билади. Бир вақтлар оловқалб Ҳамза шундай ёзганди:

Мактаб – миллатнинг гули,
Миллат – анинг булбули,
Мактабсиз қолган миллат,
Бошқа чаманнинг қули!

Очиғи, биз мактаб таълимидан айрилаёзгандик. Хайриятки, аламли тарзда бўй рослаётган бу фожианинг ўз вақтида олди олинди. Эндиги бош вазифамиз – бировнинг бурнини қонатмай халқ таълими тизимида шаффофликни таъминлаш, соғлом муҳитни шакллантириш. Тўғри, бу жараённи амалга ошириш осон кечмайди. Йиллар давомида илдиз отган ўқувчи тақдирига бефарқлик, таълим жараёнига беписанд қараш каби иллатларни бирдан қўпориб ташлаб бўлмайди.

Биз умуммиллий таълим жараёни бир-бирига чамбарчас алоқадор эканини заррача ёддан чиқарсак, бошланган ижобий ўзгаришлар кутилган натижани бермайди. Сўз келажак авлод тақдири хусусида борар экан, контракт-тўловнинг оширган ставкаси – халқона айтганда, “суперконтракт” масаласига тўхталмасдан иложимиз йўқ. Майли, олий ўқув юртига қабул жараёнида коррупциянинг олдини олиш ва демократик тамойилларни таъминлаш мақсадида “супперконтракт”чиларга имкон берилаверсин. Бироқ улар ҳаминқадар билим билан мактабга боришлари тузатиб бўлмас хатодир. 2017-2018 ўқув йилида минглаб “суперконтракт”чилар талабалик бахтини туйишди ва амал-тақал қилиб 1-курсни тамомлашди. Мустақил кузатишларимиз тасдиқлайдики, уларнинг 99 фоизи, барибир, танлаган соҳаси бўйича мутахассис даражасига кўтарилолмайди. “Суперконтракт”чилар сафи бу йил яна ҳам кенгайишини кўз олдимизга келтирсак, вазият қанчалар таҳликали экани ойдинлашди.

Хўш, бундай вазиятда қандай йўл тутмоқ лозим? Қўшимча қабулга барҳам бериш керакми? Йўқ албатта! Қўшимча қабул жараёни давом этаверсин. Лекин келажакда ўқитувчиликка махсус танлов асосида қабул қилинишини ҳар бир талаба олдиндан билсин. Токи “суперконтракт” асосида ўқиётган талаба ҳам ўзида ўзгариш ясасин, бюджет ва контракт тўлов асосида ўқиётган курсдошлари билан рақобатлашсин! 

Мактаб директори ва Кузатув кенгаши томонидан ташкилланадиган ўқитувчиликка танлов жараёни қай тартибда ўтказилиши шу маънода бугун муҳокама қилинадиган муҳим мавзулардан биридир. Ҳозирча биз шундай йўл тутишга мажбурмиз. Қолганини вақт кўрсатади.

Муҳаммад ВАЛИ, 
“Репетитор” газетаси лойиҳа раҳбари

ЎзА
7 364