Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.02.2018 16:07 Чоп этиш версияси

“Мактаб бузилди, бировнинг ҳовлисида ўқий бошладик. Зах уйда бургалар биз билан бирга "таҳсил" оларди...”

«…Мактабнинг 1-синфига қадам қўйганимда мактабимиз қулайдиган ҳолатда эди. Кейин у бузилди. Биз бировнинг ҳовлисидаги бўш хоналарда ўқий бошладик. Уй зах бўлгани учун бургалар биз билан бирга "таҳсил" оларди. Уйнинг поли ҳам илма-тешик бўлиб, ҳатто бир нечта ручкам шу тешикларга тушиб кетган. Уйнинг эгаси хоналарни таъмирлагунича биз гаражда ўқиб турдик. Бир куни кичкина қиз шу жойда ўйнаб юрганида устига дарвоза қулаб кетди, қиз тагида қолиб, ҳалок бўлди.

3-синфда ўқитувчимизнинг уйида таълим ола бошладик. Биз ўқувчилар 1-2-3-4-синфлар қўшилиб, бор-йўғи ўн тўрт ўқувчи эдик. Ўқитувчимиз уйидан иккита хонасини ажратиб берди. Ӯша вақтларда мен қачон мактаб партасида ӯтириб ӯқир эканман, қачон доскага ёзар эканман, деб орзу қилардим…»

Бу ХХ асрда ёзилган бирор асардан лавҳа деб ӯйласангиз, хато қиласиз. Улар Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани Шуйитовул қишлоғида яшовчи 4-синф ӯқувчисининг бошидан ӯтказганлари...

Ўта саводхонлик билан икки варақ оқ қоғозга шу ва бошқа кӯнгил кечинмаларини туширган ӯқувчи таълим олишга бӯлган кучли қизиқиши боис барча қийинчиликларни енгиб ўтиб, ҳозирги вақтда Нукус шаҳридаги И.Юсупов номидаги иқтидорли болалар мактаб-интернатида таълим олмоқда.

Шуйитовул қишлоғига бундан бошқа энг яқин мактаб (15-умумтаълим мактаби) 8 километр узоқликда жойлашган. Тӯрт-беш йил илгари қишлоқдаги мактаб филиалининг эски биноси бузиб ташланганидан сўнг айрим болалар куннинг иссиқ-совуғида ҳам шу мактабга қатнай бошлаган, қурби етмаган оилалар фарзандлари ўқитувчиларнинг уйида ўқиб юрган.

Нукус туманидаги "Қурбаниёз Нурниёз" фермер хӯжалиги раҳбари Шолпан Қурбаназарова хӯжаликнинг йиллик даромади ҳисобидан бузилган мактаб филиалини қайта тиклашга ҳомийлик қилди. Унинг икки йиллик ҳаракатидан сўнг уч хонали иморат қад кўтарди. 

– Ӯқувчиларнинг деярли ҳар куни "Бизга мактаб қуриб беришсин, сиз бориб айтинг", деган илтижоларини эшитиш оғир эди. Шунинг учун мактаб қурилишига ҳомийлик қилишга қарор қилдим, – дейди Ш.Қурбаназарова. – Мактабни тӯлиқ қуриб битказишга қурбим етмади. Туманимиз ҳокими ва прокурорининг ёрдами билан тугалланмай қолган жойлари тӯлиқ битказилди. 2017 йил 25 декабрда филиалнинг очилиш маросими бӯлиб ӯтди. Болаларнинг қувонганини кўрсам, кўнглим бошқача бўлиб кетади. Шундай илмга чанқоқ ёшларга шароит яратилишида менинг ҳам ҳиссам борлигидан хурсанд бўламан. 

М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги мухбири

Айни пайтда шуйитовуллик ӯқувчилар қишлоқда қурилган замонавий мактаб филиалида давлат таълим стандартларига мос шароитда таълим олмоқда.
Ушбу мақола ЎзА обуначиларига тақдим этилган янгиликнинг бир қисми бўлиб  веб сайтда қисқартирилган шаклда чоп этилди.

ЎзА
11 104