Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.10.2017 17:03 Чоп этиш версияси

Маданият ёдгорликлари ўтмиш ва тарихдан сўзлайди

“Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини 
авайлаб асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир.”

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 49-модда.

Мамлакатимизда тарихий, маданий ва маънавий меросимизни асраб-авайлаш, ўрганиш, тарғиб этиш, уларни келажак авлодга бекаму кўст етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бош қомусимизда фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурлиги, маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасида экани ўз ифодасини топган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг соҳага доир қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳаётга татбиқ этилди, қатор халқаро конвенциялар мамлакатимиз томонидан ратификация қилинди.

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасини ривожлантириш, бундай объектларни қайта тиклаш ва уларнинг имкон қадар асл ҳолида сақланишини таъминлаш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бермоқда.

Бугунги кунда 4 минг 308 археологик, 2 минг 79 меъморчилик, 694 санъат асари, 395 диққатга сазовор жой, жами 7 минг 476 моддий-маданий мерос объекти давлат ҳимоясига олинган.

1991 йил Хивадаги “Ичан-қалъа”, 1993 йил “Бухоро тарихий маркази”, 2000 йил “Шаҳрисабз тарихий маркази”, 2001 йил “Самарқанд маданиятлар чорраҳаси” номи билан ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Мустақиллик йилларида 1 минг 4 та тарихий объектда кенг кўламли таъмирлаш-тиклаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Хитой, Япония, Франция, Польша ва бошқа давлат вакиллари билан ҳар йили 15 дан ортиқ халқаро археология мероси объектларида тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, ундан фойдаланиш борасида амалга оширилган ишлар нафақат тарихни ўрганиш, тарғиб қилиш, балки ўсиб келаётган ёш авлодни бебаҳо тарихий меросни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уларда миллий ўзликни англаш туйғусини янада кучайтириш, жамиятда юксак маънавиятни теран қарор топтиришга хизмат қилади.

Зукко ажодларимиз томонидан яратилиб, чинакам архитектура ёдгорлиги сифатида ҳозирга қадар сақланиб келаётган Абулқосим мадрасаси ҳам ўтмиш меъморий гўзаллик латофатини ўзида намоён этган бетакрор маданий меросларимиздан бири.

Пойтахтимиз марказида қад ростлаган ушбу мадрасага киришингиз билан киши ўзини мозийга тушиб қолгандек ҳис этади. Дарвозадан кираверишда чапда дарсхона, ўнгда масжид, тўрда эса Хонақои Мўйи Муборак жойлашган.

Мадраса ХIХ асрнинг бошларида ўз замонасининг зиёли, билимдон кишиси бўлган Абулқосим эшон томонидан бунёд этилган. Меъморий шакли ва геометрик ўлчами жиҳатидан Тошкентдаги обидалар ичида энг йириги ҳисобланган Абулқосим мадрасаси ўтмишда “Қорихон эшон”, “Маъдихон қози”, “Абулқосим шайх”, “Абулқосим эшон” каби қатор номлар билан аталган.

Мадраса ўз замонасида диний йўналишда таълим бериладиган олий ўқув юрти ҳисобланган. У ерда маҳаллий аҳоли вакилларидан ташқари қирғиз, татар, қозоқ ва бошқа миллат фарзандлари ҳам билим олган. Бу даргоҳда араб ва форс тили грамматикаси, адабиёт, одоб-ахлоқ, математика, геометрия, астрономия каби фанлар ҳам ўқитилган.

Тарихий манбаларда келтирилишича, бу масканда ўзбек адабиётининг Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Мунавварқори Абдурашидхонов, Ғулом Зафарий сингари ёрқин намояндалари ҳам таҳсил олган.

Ўтмишда илм-фан, маърифат, зиё маскани бўлган бу даргоҳ бугунги кунда ҳам ўз мавқеини йўқотмай, ёшларга миллий ҳунармандчилик сирларини ўргатадиган мактаб вазифасини ўтамоқда. Диёримиз ўзининг қадим ҳунар мактаблари, миллий ҳунармандчилик санъати билан алоҳида ажралиб туради. Миллий ҳунармандчилик тарихи халқимиз тарихи каби кўҳна ва бойдир. Ҳунармандчилик, халқ амалий ва бадиий санъати ривожида бу мадрасанинг ўрни беқиёс.

– Ҳозирги кунда мадрасада ёғоч ўймакорлиги, наққошлик, мусаввирлик, чармга гул босиш, сандиқчи, заргар, ҳайкалтарош сингари халқ амалий ва бадиий санъати йўналишларида фаолият юритадиган элликдан ортиқ уста-ҳунарманд, ижодкор жам бўлган, – дейди "Олтин мерос" халқаро хайрия жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими раиси Дурбек Муҳаммадкаримов. – Улар ҳунарлар сир-асрорини “уста-шогирд” анъанасига мувофиқ ёшларга ўргатиб келмоқда. Айниқса, ёзги таътил кунларида мадраса ҳунар ўрганиш истаги билан келган ўқувчи-ёшларга тўлиб кетади. Бундан ташқари, жамғарма томонидан халқ амалий санъатига доир кўргазмалар, кўрик-танловлар, маҳорат дарслари мунтазам ташкил этилади.

Юртимиз ўзининг бой тарихи, ўтмиши, буюк алломалари-ю тарихий шаҳарлари билан дунё жамоатчилиги, илм аҳли ва сайёҳларни жалб этиб келмоқда. Мадрасага келган сайёҳлар тарихий обидани томоша қилиш билан бирга, ҳунармандларимиз томонидан қўл меҳнати асосида яратилган маҳсулотларни харид қилиш, унинг яратилиш тарихи билан танишиш имкониятига эга.

– Аждодларингиз нечоғлик ақл заковатли, билимли бўлганлигини улар томонидан яратилган бунёдкорлик ишларидан ҳам билиш мумкин, – дейди Ёнг Ми Ли (Жанубий Корея). – Узоқ йиллардан буён сақланиб келаётган бу обидалар ўтмишдан сўзлайди. Тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишлар ўзбек замини довруғини дунёга ёйишга хизмат қилмоқда. Шу боис ҳам Ўзбекистон сайёҳлар келиб кўришни орзу қиладиган мамлакатлардан бирига айланган.

Гўзал Сатторова, ЎзА
3 234






Все о погоде - Pogoda.uz