Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.08.2018 11:31 Чоп этиш версияси

Маданият ва санъат муассасалари бинолари “ноль” харид қийматида сотилади

Маданият ва санъат муассасалари бинолари “ноль” харид қийматида сотилади

Бу Президентимизнинг жорий йил 1 августдаги “Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланди.

Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, маданият ва санъат муассасалари биноларини қуриш ва таъмирлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳудудларини ободонлаштириш, аҳолининг маданий эҳтиёжларини қондириш борасидаги ишлар талаб даражасида эмас.

Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш, ушбу соҳадаги муассасалар тармоғини кенгайтириш ва уларнинг моддий-техник аҳволини мустаҳкамлаш, аҳолига сифатли хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ҳамда давлат-хусусий шериклик учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

маданият ва санъат йўналишидаги нодавлат муассасалари биноларини қуриш учун бепул асосда доимий фойдаланишга ер участкалари ажратиш;

мавжуд давлат маданият ва санъат муассасалари биноларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, кейинчалик эса уларни оталиққа олиш шарти билан маданият ва санъат йўналишидаги нодавлат муассасалари объектларини қуриш учун бепул асосда ер участкаларини тақдим этиш;

концессия асосида қурилиш учун ер участкаси ёки реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун бино ажратиш;

бўш турган давлат мулки объектларини, шу жумладан, фаолият кўрсатмаётган давлат маданият ва санъат муассасалари биноларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда “ноль” харид қийматида сотиш;

давлат маданият ва санъат муассасаларининг фойдаланилмаётган биноларини (ёки уларнинг бир қисмини) ижара ҳақининг “ноль” ставкасида мақсадли фойдаланиш учун хусусий шерикларга бериш;

хусусий шерикнинг мол-мулки негизида ташкил қилинган маданият ва санъат нодавлат муассасаларини моддий-техник, молиявий ва методик таъминлаш;

оталиқ шаклидаги хайрия фаолиятини олиб бориш.

ЎзА
5 252