ЎзА Ўзбек

14.09.2018 21:17 Чоп этиш версияси

Маданий меросни асраш ва туризм салоҳиятини ошириш йўлида яна бир муҳим қадам

Маданий меросни асраш ва туризм салоҳиятини ошириш йўлида яна бир муҳим қадам Пойтахтимиздаги “Wyndham“ меҳмонхонасида маданий меросни асраб-авайлашда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган халқаро семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда туризм соҳасини ривожлантиришга алоқадор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчиси Улуғбек Қосимхўжаев, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос ва бошқалар ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларда мамлакатимиз туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Cеминарда мамлакатимиз маданий меросини сақлаш ва туризмни ривожлантиришга қаратилган фикр-муносабатлар билдирилар экан, унда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг юртимиз тарихи ва истиқболига алоҳида аҳамият қаратаётгани таҳлил мавзусига айланди.

Бугунги кунда ушбу банк маданий мерос билан боғлиқ туризм ва молиялаштиришни йирик ва аҳамиятли имкониятга эга инновацион ва муҳим ташаббус деб қарамоқда. Шу боис бу нуфузли молиявий ташкилот янги “Маданий мероснинг асосий концепцияси” лойиҳасини тақдим этмоқда. Унга кўра, ЕТТБ асосий концепцияси асосида молиялаштириладиган лойиҳа маданий объектларни асраб-авайлаш, бошқариш ва иқтисодий фойдаланишга ҳисса қўшишга бевосита йўналтириш инобатга олинади.

– Ўзбекистон ўзининг бой тарихига эга. Шу жиҳатдан бу заминда туризмни ривожлантиришнинг аҳамияти жуда катта, – деди ЕТТБ катта банкири, Кўчмас мулк ва туризм департаменти директори ўринбосари Марилена Вуиу. – Юртингизга тақдим этилаётган, хусусан, Хоразм ва Ичанқалъадаги маданий меросни асраш ва туризм салоҳиятини янада оширишга қаратилган ушбу лойиҳа бўйича мутахассислар ва жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳамда бу ердаги имкониятлар билан танишиш асосий мақсадимиздир. Бугунги семинарда маҳаллий мутахассислар фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдик. Самарқанд, Бухоро ва Хоразмга ўтказиладиган анжуман ҳам шу масалаларга қаратилгани билан биз учун муҳим аҳамиятга эга.

– Тарихий обидаларимизга алоҳида эьтибор қаратишимиз керак. Бугунги экологик муҳит ва техноген сабаблар уларга салбий таъсир кўрсатмоқда, – деди Хоразм Маъмун академияси илмий грант раҳбари, архитектура фанлари доктори Гавҳар Дурдиева. – Ҳукуматимиз бу масалага жиддий аҳамият қаратаётган бир пайтда, тарихий обидаларимизга баъзи фуқаролар томонидан етказилаётган зарарларни қандай баҳолаш мумкин? Гап шу ҳақда кетганда биргина Бухородаги Чорминор обидасини эслаш кифоя... Ўйлайманки, бугунги тадбир маданий мерос объектларини сақлаш, хорижий туристларни жалб қилишда муҳим қадамдир.

Якунда мавзу доирасида савол-жавоблар, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
2 406