ЎзА Ўзбек

13.12.2017 19:52 Чоп этиш версияси

Мақсадсиз сарфланган давлат гранти маблағлари қайтарилади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Парламент комиссияси раиси А.Саидов ва бошқалар мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан амалга оширилган давлат ижтимоий буюртмаси лойиҳаларининг натижалари таништирилди. Ўтказилган танловлар якунлари ҳамда бошқа долзарб масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, «Жамиятда миллатлараро ва фуқаролараро тотувликни, ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстлик муҳитини сақлашга ва мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш» ва «Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда фуқаролар эркинликларини қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда ижтимоий шерикликдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш» мавзуларида ўтказилган танловларга 271 ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан келиб тушган 311 лойиҳа кўриб чиқилиб, унинг якунлари муҳокама қилинди.

Парламент комиссияси аъзолари томонидан танловга келиб тушган барча лойиҳалар холис ва очиқ баҳоланганлиги қайд этилди. Муҳокамалар натижасида ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг 66 лойиҳаси танлов ғолиби эканлиги тасдиқланди.

ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан амалга оширилган давлат гранти лойиҳаларининг якуни бўйича ўтказилган мониторинг натижаларига кўра аниқланган мақсадсиз сарфланган давлат гранти маблағлари қайтарилиши бўйича қарор қабул қилинди.

2016-2017 йилларда давлат ижтимоий буюртмасини амалга оширган ташкилотларнинг лойиҳа доирасида бажарган ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, Ўзбекистон врачлар уюшмаси ва «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди томонидан амалга оширилган ишлар таҳлил этилди. «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди лойиҳа доирасида перинатал ва неонатал скрининг марказлари реагентлар ва бошқа даволаш материаллари билан таъминланиб, моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Ижтимоий кўмакка муҳтож оилалардаги туғма юрак хасталиги билан оғриган 40 нафар болада жаррроҳлик амалиёти ўтказилиб, соғлиғи тикланди.

Ўзбекистон врачлар уюшмаси томонидан амалга оширилган давлат ижтимоий буюртмаси натижасида туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаш ва профилактика қилиш, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари тўғрисида огоҳлантишга қаратилган турли кўргазмали ахборот ва ўқув материаллари тайёрланиб, аҳолига тарқатилди.

Йиғилишда давлат ижтимоий буюртмалари мониторингини ташкил этиш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
7 440