ЎзА Ўзбек

14.09.2018 21:12 Чоп этиш версияси

"Мақсад" томошабинларни огоҳликка чақиради

"Мақсад" томошабинларни огоҳликка чақиради Пойтахтимиздаги "Ёшлар ижод саройи"да Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси кўмагида суратга олинган "Мақсад" бадиий фильми тақдимотига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Тадбир киноижодкорлар ва санъаткорларнинг қизил йўлакдан ўтиш маросими билан бошланди.

Кейинги йилларда ички ишлар органлари фаолиятини тубдан яхшилаш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор қарор ва норматив ҳужжатлар қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилмоқда.

6 (2).jpg

Мамлакатимизда соҳага берилаётган ана шу каби эътибор туфайли ички ишлар ходимларининг масъулиятли вазифаларини адо этиш жараёнида кўрсатаётган мардонавор хизматларини юзага чиқариш мақсадида мазкур янги фильм суратга олингани алоҳида таъкидланди.

Ушбу ўткир сюжетли детектив-триллер жанридаги фильмда ички ишлар ходимларининг коррупция иллатига қарши курашдаги жасорати ҳақида ҳикоя қилинади. Фильмдаги воқеалар бугунги кунга тааллуқли бўлса-да, асл сабаблари ўтган асрнинг 90-йилларига бориб тақалади. Унда ёмон ниятли шахсларнинг ўз мақсади йўлида ҳеч нарсадан тап тортмаслиги, ички ишлар ходимлари эса оғир жиноятни фош этишда дуч келган қийинчиликлар акс эттирилган.

9 (2).jpg

– Ҳаётда ҳар бир инсон қилган ишига жавоб беради, – дейди фильм режиссёри Рустам Мелиев. – Қаҳрамонларимиз тақдири ва фильм якуни кўпчиликни қизиқтириш табиий. Огоҳликка чорловчи фильмимизни кўришни тавсия қиламан. Ушбу ижод маҳсулимизни томошабинлар қандай кутиб олиши, албатта, биз учун жуда муҳим.

Сценарий муаллифи Жамшид Асадов. Асосий ролларни Сайдулла Молдахонов, Тоҳир Саидов, Бобур Йўлдошев, Нигора Каримбоева, Шаҳзода Матчонова, Юлдуз Ражабова каби актёрлар ижро этган. Экран асарини постановкачи оператор Диёр Адашев тасвирга олган.

20.jpg

"Мақсад" бадиий фильми жорий йил 15 сентябрдан бошлаб юртимиз кинотеатрларида намойиш этилади.

Абдулазиз Мусаев, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА
3 883