ЎзА Ўзбек

09.03.2018 12:40 Чоп этиш версияси

Мақсад – ноқонуний миграциянинг олдини олиш

Мақсад – ноқонуний миграциянинг олдини олиш Миллий хавфсизлик хизмати Сирдарё вилояти бошқармаси, вилоят бандлик бош бошқармаси, Сирдарё тумани ҳокимлиги, туман прокуратураси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 30 га яқин корхона ва ташкилот 828 бўш иш ўрни билан иштирок этди.

Сирдарё туманидаги "Ўзбекистон – Хитой" дўстлик боғида ўтказилган меҳнат ярмаркасида мамлакатимизда аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириш, янги иш ўринлари яратиш, энг аввало, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш, ишсизлик даражасини камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 

1.JPG

Ярмарка иштирокчилари корхона ва ташкилотлар фаолияти, ўзларини қизиқтирган иш ўрни, яратилган шароитлар, иш ҳақи ҳақида батафсил маълумот олиш имконига эга бўлди. 

5 (1).JPG

Айни пайтда Сирдарё вилоятида меҳнат билан банд бўлган аҳолининг 79 фоизидан ортиғи хусусий секторда фаолият кўрсатаётир. Ўз навбатида, жойларда ташкил этилаётган бўш иш ўринлари ярмаркалари ҳам моҳияти жиҳатидан меҳнатга лаёқатли аҳолининг банд бўлмаган қатламини ишга жойлаштириш, ноқонуний миграциянинг олдини олиш каби мақсадларни қамраб олади. 

7.JPG

– Ўзим билмаган ҳолда диний оқимларга қўшилиб қолиб, қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймон бўлдим, – дейди Президентимиз фармони билан афв этилган сирдарёлик С.Абдукаримов. – Мунтазам иш ўрни билан таъминлашларини сўраб қилган мурожаатимга жавобан бугунги меҳнат ярмаркасига таклиф этилдим. Менга туманимиздаги хусусий корхонага ишга жойлашишим учун йўлланма берилди. Буларнинг барчаси учун давлатимиз раҳбаридан, бағрикенг халқимиздан миннатдорман. Меҳнатда энг яхши жиҳатларимни намоён этиб, кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликни оқлашга ваъда бераман.

Меҳнат ярмаркасида 10 дан зиёд авф этилган ва махсус рўйхатдан чиқарилган фуқаролар иштироки таъминланди. Шу куни 75 кишига ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.

Абдужалол Қаюмов, Фурқат Тошматов (сурат) ЎзА
9 636