ЎзА Ўзбек

06.09.2018 22:44 Чоп этиш версияси

Мақомда ноёб оҳанг, бетакрор жозиба бор

Мақомда ноёб оҳанг, бетакрор жозиба бор
Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжумани кўтаринки руҳда давом этмоқда. Унда дунёнинг 73 давлатидан хонанда-ю созандалар, санъатшунос олимлар, мутахассислар иштирок этмоқда. ЎзА мухбири анжуманнинг айрим иштирокчилари билан суҳбатлашди. 

1-Ispaniya.JPG

Хосе Луис Изагуирре, журналист (Испания):

– Ўзбекистонда илк бор бўлишимга қарамай, таассуротларим бир дунё. Қадимий шаҳарда сақланиб қолган қадимий обидалар, ёдгорликлар халқингиз тарихи узоқ асрларга бориб тақалишидан дарак беради. Мамлакатингизда санъатнинг анъанавий турларига алоҳида эътибор билан қаралиши таҳсинга лойиқ. Хусусан, анжуманнинг очилиш маросими юқори савияда ташкил этилгани ҳам фикримга мисол бўла олади. Тадбирнинг кўтаринки руҳда ўтиши учун барча зарур тайёргарлик кўрилган. Испанияда ҳам мумтоз санъат турлари, ашула ва бошқа анъаналар билан боғлиқ фестиваллар ўтказилади. Келгусида бу каби анъаналарни ҳамкорликда давом эттириш, тажриба алмашиш халқларимизни маънавий яқинликда, эзгу орзу-интилишлар руҳида бирлаштиришига ишонаман.

3- Tojikiston.JPG

Абдували Абдурашидов, Тожикистон халқ артисти: 

– Шашмақом ўзбек-тожик халқларининг мумтоз мусиқий мероси ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистонда мумтоз санъатлар, айниқса, мақом санъатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугун Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилмоқда. Дунёнинг қатор давлатларидан ижодкорлар, мумтоз қўшиқ ихлосмандлари, санъатшунос олимлар ташриф буюрган. Буларнинг бари мақом санъатининг янада ривожланишига хизмат қилади.

Муҳташам Оқсарой майдонида мақом санъати ривожига улкан ҳисса қўшган устозлар ижро этган ашулалардан баҳраманд бўлдик. Айтиш мумкинки, Халқаро мақом санъати анжумани мисолида устозлар орзуси, уларнинг авлодлар маънавий камолоти йўлидаги эзгу интилишлари рўёбга чиқмоқда.

2-Meksika.JPG

Магдалина Валдивиа, санъатшунос (Мексика):

– Шарқ халқларининг мумтоз санъатига қизиқишим баланд. Шу боис, фестивалда иштирок этишга қарор қилдим. Элларни тиллар эмас, куй бирлаштиради, деганлари рост. Буни мақом мисолида ҳис қилмоқдаман. Ундаги ҳар бир ашула ва мусиқада ўзига хос ноёб оҳанг, кишига руҳий қувват берувчи куч мужассам. Гарчи сўзларининг маъносини тушунмасанг-да, куйдаги оҳанг қалбни ларзага солади. Тинглаш мобайнида кайфиятингда баъзан ҳазинлик, гоҳо жўшқинлик сезасан. Шунинг учун ушбу санъатни самоларга парвоз қилувчи қушга, тинчлик элчисига қиёслашар экан.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА
5 865