Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2017 19:39 Чоп этиш версияси

Маҳаллий бошқарув тизими такомиллашмоқда

Жиззахда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш: 2-босқич” лойиҳаси доирасида 2016 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва истиқболдаги вазифалар ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Жиззах вилояти, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари вакиллари, ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда аҳолини давлат бошқаруви органлари фаолияти ҳақидаги маълумотлар билан таъминлаш, электрон ҳужжат айланиш тизимини жорий этиш, ҳудудда маҳаллий бошқарув тизимини янада ривожлантириш йўналишларида олиб борилган ишлар атрофлича таҳлил этилди.

“Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш: 2-босқич” лойиҳаси доирасида маҳаллий ҳокимият органлари салоҳиятини ошириш, уларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. “Ягона дарча” марказларига компьютер жамланмалари ва бошқа ускуналар етказиб берилди.

Вилоят ҳокимлигига мурожаат этувчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида рақамли ахборот олиш ускунаси – инфокиоск ўрнатилиб, ҳокимликнинг расмий портали базасида “Очиқ маълумотлар” ва “Халқ депутатлари вилоят Кенгаши” веб-сайтлари яратилди. Бундай ишлар самарадорлигини оширишда аҳоли иштирокининг аҳамияти, маҳаллий бошқарувга доир масалаларда хориж тижрибасини ўрганиш, таҳлил қилиш, тадбиркорларнинг бизнесга доир билим ва кўникмасини бойитиш йўналишларида семинар-тренинглар ўтказилди.

Мазкур лойиҳанинг иккинчи босқичи давом этмоқда. Унга кўра, жорий йилда вилоятдаги “ягона дарча” марказларида янги хизматлар жорий этишга кўмаклашиш, қишлоқ жойларда қайта тикланадиган энергия манбаларидан кенг фойдаланиш ва бошқа масалалар бўйича ҳаракат дастури ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Йиғилишда иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
1 279






Все о погоде - Pogoda.uz