Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.03.2017 11:47 Чоп этиш версияси

Маҳалламиз ободлигига ҳисса қўшайлик

Ўзбекистон Экологик ҳаракати Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси томонидан аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш мақсадида учрашувлар, давра суҳбатлари, семинарлар ташкил қилинмоқда.

Яшнобод туманидаги 155-умумтаълим мактабида “Маҳаллам озодалиги ва ободлигига ҳисса қўшайлик” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Экологик ҳаракати марказий кенгаши ижроия қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси кенгаши аъзолари, Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси мутахассислари, Яшнобод туманидаги Аҳмад Яссавий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, ўқитувчилар иштирок этди.

Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришда маҳаллаларнинг аҳамияти ва нуфузини янада оширишга хизмат қилаётир.

– Мазкур давра суҳбати маҳалламиз одамларининг экологик ва эстетик маданиятини юксалтириш, уларни она табиат ва унинг неъматларига меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилади, – дейди Аҳмад Яссавий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳаммаджалил Расулмуҳаммедов. – Халқимизда ободлик кўнгилдан бошланади, деган нақл бор. Унга қўшимча қилиб, ободлик маҳалладан бошланади, деган бўлардим. Озодалик, поклик сингари қадрият ва анъаналаримизни ёшлар онгига сингдириш, маҳалламиз, шаҳримиз фаровонлигига ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Юзага келаётган экологик муаммоларнинг ечимини топиш, табиий муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги масалаларни ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти ва ўзини ўзи бошқариш органларининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Экологик ҳаракати мамлакатимиз фуқаролари қулай табиий муҳит шароитида яшаши, уларнинг саломатлиги учун қайғуради, табиат мусаффолигини сақлашга интилади.

Тадбирда экологик муаммолар, уларнинг ечимлари, аҳоли экологик маданиятини янада кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
1 543






Все о погоде - Pogoda.uz