Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.11.2017 19:29 Чоп этиш версияси

Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш механизмлари

Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш механизмлари Қорақалпоғистон Республикасида “Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш механизмлари” мавзусида ўқув семинари ўтказилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан ташкил этилган ўқув машғулотида жамоат ташкилотлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, профилактика инспекторлари, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман ва шаҳарлар кенгашлари ходимлари қатнашди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси катта ўқитувчиси, подполковник Н.Бекмуродов, Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси ҳуқуқий ва кадрлар масалалари бўйича бош мутахассиси А.Эргашев, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Т.Рамонов ва бошқалар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганишда маҳаллалар фаолияти муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Қорақалпоғистон Республикасида 405 фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи фаолият юритмоқда. Улар тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни янада барқарорлаштириш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.

– Бугун юртимизнинг қайси ҳудудида бўлманг, бунёдкорлик устидан чиқасиз, – дейди Элликқалъа тумани Усмон Юсупов номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рўзимбой Собуров. – Бу тинчлик неъматидир. Тинчлик барча халқларнинг азалий орзуси бўлиб келган. У инсонпарвар ва бағрикенг халқимизнинг тили ва дилидан мустаҳкам жой олган энг олий қадриятдир. Халқимизнинг "Қўшнинг тинч – сен тинч", "Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади", каби нақлларида ҳам тинчликнинг нақадар бебаҳо неъмат экани таъкидланади. Бугунги семинар ҳар жиҳатдан фойдали бўлди. Унда олган билимларимиз келгуси фаолиятимизда қўл келади.

Семинарда маҳаллаларда “Бир болага етти қўшни ҳам ота, ҳам она” ҳикматининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъватни амалий ҳаракатга айлантириш, бу борада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар ижро аппарати ўрнини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш профилактикаси самарадорлигини ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
3 145






Все о погоде - Pogoda.uz