Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.07.2018 10:44 Чоп этиш версияси

Маҳалладошларини чув туширди...

Маҳалладошларини чув туширди...
Шерободлик тадбиркор ўзини “уддабурон” кўрсатиб, маҳалладошларини “чув” тушуришни одат қилди.

Шеробод туманидаги Ғамбур маҳалласида яшовчи А.Сапиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) хусусий тадбиркорлик билан шуғулланар эди. Лекин, у ҳалол йўл билан топаётган ризқига қаноат қилмади. Мумай даромад топишнинг бошқа йўлларини ҳам излай бошлади. Ўзини “уддабурон” кўрсатиб, маҳалладошларини “чув” тушуришни одат қилди.

Хуллас, жорий йилда 49 ёшни қарши олган бу кимса дастлаб 2015 йил 16 январь куни маҳалладоши – М.Маликбоевани авраб, “яшаб турган уйингизга ҳокимиятдан қарор чиқартириб бераман”, дея 4 миллион 800 минг сўм пулини қуртдек санаб олади. Ўша йили 14 апрель куни Г.Самадовага фермернинг экин майдонидан 30 сотих ерда уй-жой қуриш ва ёрдамчи хўжалик юритиш учун туман ҳокимиятидан қарор чиқартириб беришни қуюқ ваъда қилиб, нақд 20 миллион сўм пули, бир бош отини олиб кетади. 2015 йил 20 май куни Р.Ёғлиевнинг ўн миллион сўмини чўнтакка уриб, уни фермернинг майдонидан ер ажраттириб, ҳокимият қарорини чиқартириб беришга ишонтиради.

А.Сапиев бундоқ ҳисоблаб кўрса, ҳаш-паш дегунча соддадил одамларни “ухлатиб”, ўзимизда ишлаб чиқарилган битта енгил машинанинг пулини бели оғримай “ишлаб” қўйибди. Бу ёғи маҳалладошлари ҳам сабрли, андишали экан. Бироқ, шу орада “қармоқ”қа илинадиган одам топилмай қолади. Қинғир йўл билан пул топишнинг хумори келиб юрган кеч кузда у яна бир маҳалладошини қармоққа илинтиради. С.Тиркашевга ҳам уй-жой қуриш мақсадида ер майдони ажратиш ва ҳокимият қарорини чиқартириб бериш учун 20 миллион сўм пулини олиб, жуфтакни ростлайди.

Шундай қилиб, маҳалладошлар “уддабурон” А.Сапиевнинг ваъдалари қуруқ, пуч эканини тўрт йил деганда англаб етади ва сабру-бардоши тугаб, яқинда туман ички ишлар бўлимига мурожаат этади.

Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизматидан маълум қилишларича, фирибгарлик йўли билан бойишни мақсад қилган бу кимса эндиликда қонун олдида жавоб беради. Айни пайтда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
3 628