ЎзА Ўзбек

02.07.2018 19:47 Чоп этиш версияси

Маҳалладагилар нимадан хавотирда?


№ 8 Ғани Азамов.jpg

Мираббос МАГДИЕВ,
"Ғани Аъзамов" маҳалла фуқаролар йиғини раиси:


– Маҳалламизда 3 минг 300 га яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларни қийнаётган муаммолар биргаликда, ҳамжиҳатликда бартараф этиб келинади. Аммо икки йилдан буён ечимини топмаётган, охиригаям, тагигаям етолмаётган бир муаммо бор. Гап шундаки, маҳалламиз ҳудудида 1-сонли шаҳар сил касалликлари шифохонаси жойлашган. 2016 йил охирларида ушбу касалхонага Қибрай туманидаги муқаддам судланган жиноятчиларнинг сил касаллиги шифохонасидан тахминан 500-600 нафар бемор кўчириб келтирилди. Ҳозирда шифохона сил касаллигига чалинган беморлар билан тўлиб-тошган. 

Бу нафақат бизнинг маҳалла, балки касалхона атрофидаги Тараққиёт, Қорасарой, Гуручариқ, Чимбой ва Олтинсой маҳаллалари учун ҳам жуда катта муаммо саналади. 

Шифохонада ҳар куни кимдир вафот этади, жиноят содир бўлади. Маҳалламиз сардори касалхонадаги ушбу ишлар билан овора бўлиб, маҳалла ишлари билан шуғулланишга вақти ҳам бўлмаяпти. Энг хавфли томони шифохона ҳудуди қўриқланмайди. Бу муаммога ечим қидириб, неча маротаба тегишли ташкилотларга, жумладан, Ички ишлар вазирлигининг қўриқлаш бошқармасига ёзма ва оғзаки мурожаат қилдик. Қайси ташкилотга мурожаат қилмайлик, масаланинг туб ўзаги молиявий маблағга бориб тақалмоқда. Уларнинг айтишича, бир йилга битта қўриқлаш ходимига тахминан 24-25 миллион сўм миқдорида иш ҳақи тўлаш керак экан. Шифохона раҳбарияти ҳар йили шунча миқдордаги суммани ажратишга маблағ йўқлиги ҳақида айтмоқда. 

Маълумки, сил касаллиги таёқчалари йиллар давомида уйқуда ётади. Шароит туғилди, дегунча касаллик уйғонади. Шифохонадаги беморлар эса бемалол кўчага чиқади, яқин атрофдаги кафе ва дўконлардан фойдаланади. Авваллари бу ердаги беморларга махсус кийим бериларди. Уларнинг кириш-чиқиши назорат қилинарди. Гигиенага қаттиқ эътибор қаратиларди. 

Устига устак уларнинг аксарияти жиноят содир этганлар, муқаддам судланганлардир. Очиғини айтиш керак, улар орасида ичувчилар, чекувчилар, гиёҳвандлар ҳам бор. Маҳаллада ёшлар кўп, қизларимиз бор. Биз фарзандларимизнинг мактабга бориб-келиши, кўча-кўйда ўйнаши, меҳмонга боришидан хавотирдамиз. 

Шифохонани кўчиришнинг имкони йўқдир, аммо қўриқлаш тизимини жорий этишнинг наҳотки бирон йўли бўлмаса? Касаллар бемалол юришибди. Кечқурун керак бўлса қоровулниям уриб чиқиб кетишади. Очиғини айтаётганим учун узр, аммо Қибрай туманидаги муқаддам судланган беморларнинг оддий аҳоли даволанадиган шифохонага қўшиб юборилиши жуда нотўғри бўлган. Бу ердаги беморларгаям, оддий аҳолигаям, шифокор ва ҳамшираларгаям жабр бўлди. Шифохона даволанувчилари иштирокида жиноятлар ҳам содир этилмоқда. Оддий мисол айтаман, 2016 йилда кичик халқа йўли 5-уйда жиноят – ўғрилик содир этилган. Кузатув камералари ўрнатилгани боис зудлик билан жиноятчи топилди. У сил касалликлари шифохонасида даволанаётган бемор экан.

Бу ҳам етмагандек, кўчаларда ётиб юрадиган қаровсиз, ҳужжатсиз одамлар вафот этиб қолса, ички ишлар, соғлиқни сақлаш ташкилотларининг буйруғи билан ушбу касалхонага келтириб ташланади. Такрор бўлса-да айтаман, маҳалламиз сардорлари ўзларининг функционал вазифаси қолиб, уларнинг шахсини аниқлаш сингари ишлар билан шуғулланади. Сардорларимизнинг бунга суткалаб ёки унданам кўпроқ вақти кетади. Бунақа ҳодисалар эса тез-тез бўлиб туради. 

Масала шунчалик долзарб бўлишига қарамай, бизнинг муаммоимизга ҳеч қайси мутасадди ташкилот раҳбари ечим топиб беролмаяпти. 

ЎзА
12 826