Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.04.2018 14:05 Чоп этиш версияси

Маҳаллада уй-кутубхона иш бошлади

Маҳаллада уй-кутубхона иш бошлади Термизда ўтказилаётган “Central Asia 2018. Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XII халқаро конференцияси доирасида Сурхондарё вилояти Музработ туманида халқ таълими фахрийси Дўстқобил Қодиров барпо этган уй-кутубхонанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар иштирок этган тадбирда халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг онгу тафаккурини, маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтиришда китобнинг ўрни беқиёс экани алоҳида таъкидланди.

Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида 81 ёшли халқ таълими фахрийси Дўстқобил Қодиров ўз хонадонида мавжуд китоблар асосида уй-кутубхона ташкил этиш истаги борлигини билдирган эди. Нуронийнинг таклифи қўллаб-қувватлангач, Обод турмуш маҳалласи ҳудудидаги 7-умумтаълим мактаби ёнидаги қаровсиз бино тубдан реконструкция қилиниб, кутубхонага мослаштирилди. Китоблар сақланадиган хона, ўқув хонаси, электрон кутубхона учун алоҳида хоналар барпо этилиб, замонавий усулда жиҳозланди.

10.jpg

– Уйда 10 мингга яқин нусхада турли китоб жамланган кутубхонам бор эди, – дейди Д.Қодиров. – Ундан маҳалламиз ёшлари фойдаланиши учун уй-кутубхона очишни орзу қилиб юрган эдим. Мана, ниятим холис экан, бу орзуим мен ўйлагандан ҳам зиёд ижобат бўлди. Қаранг-а, ҳомийлар томонидан 15 дона компьютер ўрнатилиб, интернет тармоғига ҳам уланди. Ўғил-қизларимиз ўзлари қизиққан китобнинг электрон нусхасини топиб, бемалол мутолаа қилиши мумкин. Хоналардан бирига уйдаги китобларни олиб келиб, жойлаштирдик. Ёшу кексани бирдек қўллаб-қувватлаб, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг китоб мутолаа қилиши учун барча шароитни яратиб бераётган Президентимиздан миннатдормиз.

Маҳаллада барпо этилган зиё маскани замонавий мебеллар билан жиҳозланиб, ўқув хоналарида мушоиралар ўтказиш учун ҳам етарли қулайлик яратилди.

13.jpg

– Бугун ёшлар учун қишлоқда яратиб берилаётган шароитлардан фахрланаман, – дейди 83 ёшли Файзинисо момо Шамсиддинова. – Бизнинг ёшлик давримизда бундай қулайликлар қаёқда эди, дейсиз. Гапнинг очиғи, Дўстқобил бобонинг бу кутубхонасини кўриб, ҳавасим келди. Узоқ йиллар ёшларга ўзбек тили ва адабиётидан сабоқ бериб, нафақага чиққанман. Китоб инсонни эзгуликка ундайди. Яхши-ёмонни ажратишга кўмаклашади. Энг муҳими, ишончли сирдош бўлади.

Маҳаллада уй-кутубхона ташкил этилганидан ёшлар ҳам беҳад мамнун.

4.jpg

– Келажакда шифокор бўлмоқчиман, – дейди 7-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Азимжон Нурматов. – Мактабимиз ёнида замонавий кутубхона ташкил этилганидан хурсандмиз. Дўстқобил бобомиз кўп йиллардан буён асраб-авайлаб келаётган китобларни мутолаа қилишимиз мумкин. Электрон кутубхонадан ўзимиз қизиққан китоб ва дарсликларни топиб, ўқиш имконияти ҳам яратилган. Энди бўш вақтимда шу ерга келиб, қўшимча дарс қилиш, бадиий китоблар ўқишни режалаштириб олдим.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
4 889