Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.03.2017 17:32 Чоп этиш версияси

Маҳалла обод – мамлакат обод

Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони нафақат маҳалла фуқаролар йиғинлари ёки тизимга алоқадор ташкилотлар ходимлари, балки кенг жамоатчилик ўртасида ҳам қизғин муҳокамалар мавзусига айланди.

– Ушбу ҳужжатда фуқаролар йиғинларининг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, уларни жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш юзасидан амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилган, – дейди Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги “Булоқбоши” қишлоқ фукаролар йиғини диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Шаҳринисо Каримова. – Мустақиллик йилларида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар самарасида маҳалла том маънода ноёб, дунёда ўхшаши бўлмаган тузилмага айлантирилди. Жамиятдаги, аҳолининг турмуш тарзидаги, ҳудудларни ривожлантиришдаги ўзгаришлар жараёнида маҳалланинг ўрни беқиёс. Мазкур фармон асосида маҳалла бошқарувини янада такомиллаштиришнинг аниқ тизими яратилиши барча фуқаролар манфаатига хизмат қилади.

Миллий қонунчилигимизга мувофиқ ҳар бир маҳалла мустақил худудий бирлик субъекти ҳуқуқига эга бўлишига қарамай, амалда айрим маҳаллалар шаҳарча, қишлоқ фуқаролар йиғинлари таркибида фаолият кўрсатаётган эди. Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов, Зомин, Фориш туманларидаги айрим шаҳарча ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари таркибида 3-4 тадан маҳалла мавжуд. Бундай поғонали тизим баъзан англашилмовчиликларга сабаб бўлаётган эди.

Бундан ташқари, бир тумандаги қишлоқ ёки шаҳарча фуқаролар йиғини таркибида яна шу номдаги маҳалла учраши вазифа ва мажбуриятлар тақсимотида тушунмовчиликлар келтириб чиқарарди. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ ишлаб чиқилган Фуқаролар йиғинларининг намунавий низомида ҳам “маҳалла ичида маҳалла тузилиши” кўзда тутилмаган.

– Халқимизнинг кўп асрлик ҳаёт тажрибаси асосида шаклланган маҳаллага ортиқча поғонали бошқарув тизимини жорий этиб бўлмайди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Шароф Рашидов тумани бўлинмаси раиси Ўрол Ўрозбоев. – Фуқаролар йиғини таркибида яна бир фуқаролар йиғини бўлиши ортиқча тадбирбозликка, баъзан бири иккинчисини такрорлашига олиб келмоқда. Президентимизнинг мазкур фармонида таркибида маҳаллалар тузилган шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳалла фуқаролар йиғинига бирлаштириш ва бўлиш йўли билан қайта ташкил этиш белгилаб берилгани бошқарув тизимидаги бу каби камчиликларга барҳам беради.

Фармонда кўпчиликка маъқул бўлган яна бир масала – фуқаролар йиғинлари моддий-техник базасини замон талаблари даражасида мустаҳкамлашга, соҳада меҳнат қилаётган ходимларни рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлардир. Бу маҳалла фаолияти самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Ҳар бир шаҳар ё туманнинг ободлиги, аввало, маҳалла ободлигидан бошланади. Маҳалланинг обод бўлиши ҳудуднинг бошқарув маркази бўлган фуқаролар йиғини идорасида фаоллар, комиссиялар, профилактика инспектори, маҳалла посбони ва бошқа тузилмаларнинг тўлақонли фаолият юритиши учун яратилган қулайликларга ҳам бевосита боғлиқ.

Милиция таянч пункти билан маҳалла идораси бир бинода жойлашган, профилактика инспектори йиғин таркибидаги комиссиялар, кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда фаолият кўрсатиши учун шароитлар яратилган ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар кескин камаймоқда. Масалан, ўтган йили вилоятдаги 305 фуқаролар йиғинининг 21 таси ҳудудида жиноят умуман содир этилмагани ҳам ана шу ҳамкорлик самарасидир.

Мирзачўл туманидаги “Пахтазор” қишлоқ фуқаролар йиғини идораси биносида профилактика инспектори учун учта хона ажратилган. Бу қулайлик аҳоли ўртасида профилактик тадбирларни самарали ўтказиш, фаоллар, йиғин таркибидаги комиссиялар билан ҳамкорликда ишлаш имкониятини кенгайтирмоқда. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, нотинч оилалар, хорижга ишлашга бориб келган фуқаролар, вақтинча ишсизлар йиғин таркибидаги комиссия аъзоларига, фаолларга бириктирилган. Ўтган йили ва шу йилнинг ўтган даврида ҳудудда бирорта жиноят содир этилмагани, вояга етмаганлар ўртасида ҳам ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик юз бермагани унинг самарадорлигини кўрсатиб турибди.

– Бирон кўнгилсизлик рўй берганидан кейин уни муҳокама этиб, тегишли чоралар белгилашдан кўра, ҳудуддаги ишсиз фуқарони ишга жойлаштириш, қўшнилар ўртасидаги келишмовчилик газак олмасдан туриб уларни яраштириш, мактаб ва коллеждаги давоматни мунтазам назорат қилиб бориш ҳам осон, ҳам самарали, – дейди “Пахтазор” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Қорақул Қурбонов. – Профилактика инспектори, маҳалла посбони, вояга етмаганлар ва спорт ишлари, хотин-қизлар масалалари бўйича, яраштирув ва бошқа комиссиялар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилгани яхши самара бераётир. Улар оилаларда, таълим муассасаларида фақат тушунтириш, огоҳлантириш тадбирлари ўтказиб қолмасдан, муаммони ҳал этишга амалий ёрдам кўрсатмоқда. Шу йўл билан ўтган йили 50 дан зиёд ёшни ҳудудимиздаги корхона ва фермер хўжаликларига ишга жойлаштирдик. 10 оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Ўндан ортиқ фуқарога тадбиркорликни бошлашда кўмак берилди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
3 901






Все о погоде - Pogoda.uz