Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.08.2017 12:57 Чоп этиш версияси

Маҳалла – ибратли тўй ташаббускори

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Пайариқ тумани кенгаши раиси Жамшид Охунов туманнинг Мирзо Улуғбек номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳаббат Қозоқовага ёшларни жалб қилган ҳолда кенг аҳоли қатлами иштирокида тўйларни камчиқим, миллий қадриятларимизга хос тарзда ўтказиш, турли одатларга чек қўйишга бағишлаб учрашув ўтказиш таклифини билдирди.

– Майли, – деди опа таклифни маъқуллаб. – Фақат учрашув эмас, ихчам тўй қилиб, намуна кўрсатамиз. Маҳалламизда айрим оилалар тўй ўтказишга қийналиб турибди. Келинг, уларнинг тўйини ўтказишга кўмаклашиб, дабдабасиз, турли номаъқул одатлардан холи маросим ташкил этамиз.

Маҳалла фаоллари аҳоли билан учрашиб, ташаббусдан уларни хабардор қилди. Битта никоҳ ва уч нафар боланинг суннат тўйини ўтказишга тумандаги корхона ва ташкилотлар, маҳалла тадбиркорлари ёрдам берадиган бўлди.

– Ташаббусимиз туман ҳокимлиги томонидан ҳам қўллаб-қувватланди, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси М.Қозоқова. – Ҳудудимиз туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи секторида бўлгани учун у киши ҳам баҳоли қудрат ёрдам беришини билдирди. Йигирмага яқин тадбиркор сарф-харажатларни ўз зиммасига олди. Тўйхона эгаси ҳеч қандай тўловсиз хизмат қилиб берадиган бўлди. Шу тариқа маҳалламизда автомобиль тузатиш устахонасида ишлайдиган Актам Қаршиевнинг никоҳ тўйи ва яна уч оила болаларининг суннат тўйини уларнинг яқин қариндошлари, маҳалла фаоллари – 250 кишини таклиф этиб ўтказдик.

– Ҳозир тўйлардаги энг ёмон ҳолат – келин-куёвнинг никоҳдан ўтиш учун 10-15 машина билан сайрга боришидир, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Пайариқ тумани кенгаши раиси Ж.Охунов. – Бу тўйда ушбу одатга чек қўйиб, келин-куёв ва уларнинг дўстлари учта машинада бориб, никоҳдан ўтиб келди. Дастурхонга спиртли ичимлик қўйилмади. Тўйда туман маданият бўлими санъаткорлари хизмат қилди. Ёшлар, маҳалла фаоллари янги оила ва тўй болаларни табриклади, яхши тилаклар билдирилди. "Севги тарихи", "вальс" каби ортиқча маросимлар ўтказилмади.

Маросимда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вакиллари янги ёш оилага телевизор совға қилди. Тўйларни ана шундай тартибли, ортиқча сарф-харажатларсиз ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

– Турмуш ўртоғим билан унаштирилганимизга анча бўлди, – дейди Актам Қаршиев. – Лекин 300-400 кишига дастурхон ёзиш қийин бўлиб кетгани учун тўй қилишга имкон тополмаётган эдик. Маҳалла ва ёшлар иттифоқининг ташаббуси билан тўйимиз намунали тарзда ўтказиб берилганидан хурсандмиз. Тўйга сарфлашимиз керак бўлган маблағни энди рўзғоримиз кам-кўстини тўлдиришга ишлатамиз.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
2 617






Все о погоде - Pogoda.uz