Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2017 14:27 Чоп этиш версияси

Маҳалла ҳаётида муҳим қадам

Маҳалламиз тинч-обод бўлса, ҳаётимиз янада файзли бўлади, жамиятдаги меҳр-оқибат, аҳиллик ва бағрикенглик мустаҳкамланади, мамлакат фаровон бўлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Ҳар куни эрта тонгда ишни кўчаларни айланишдан бошлайман. Хонадонларга кириб, ҳол-аҳвол сўрайман. Уларнинг дарду ташвиши маҳалланинг ҳам ташвиши. Тўғрисини айтсам, маҳаллада бир кун бўлмасам, қимматбаҳо нарсамни йўқотгандек ҳаловатим йўқолади. Зеро, меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик, инсонийлик каби фазилатлар шу гўшада шаклланади.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида маҳалланинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, вазифа ва ваколатлари доирасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йилларда маҳалла жамият бошқарувида ўз ўрнига эга бўлди. Бир пайтлар маҳаллага фақат тўй-маърака, оилавий муаммолар билан шуғулланувчи идора деб қаралган бўлса, бугун кундалик ҳаётимизнинг деярли барча масалалари шу ерда ҳал этилмоқда.

Саккиз йилдан буён маҳаллада ишлайман. Маҳалламизда 2 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Жамиятдаги ободлик, орасталик маҳалладан бошланади. 2016 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик, миллий ҳунармандликни ривожлантириш орқали 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Томорқачилик маданиятининг юксалиши ҳам аҳоли даромади ва турмуш фаровонлигини оширишда муҳим манба бўлиб хизмат қилаётир.

Маҳалла – тарбия ва маънавият маскани. Ҳудудимизда “Энг намунали оила”, “Энг ораста ҳовли” каби кўрик-танловлар, турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш анъанага айланган. Амалга оширилаётган бундай ишлар самарасида ҳудудимизда жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига умуман барҳам берилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мазкур фармонида “Маҳалла маркази” мажмуалари ва фуқаролар йиғинлари идоралари биносини намунавий лойиҳа асосида қуриш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш белгилангани фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Айниқса, маҳалла фуқаролар йиғини раисининг жамоатчилик асосида фаолият юритадиган ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимининг жорий этилиши ёш авлод келажагига бўлган доимий эътиборнинг яна бир ифодасидир. “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони таъсис этилиши фаолларимизни рағбатлантиришда муҳим омил бўлади.

Маҳалла нуфузи ва мақомини янада ошириш ҳамда уни чинакам халқчил тузилмага айлантиришга қаратилган ушбу фармон халқимиз дилидаги иш бўлди. Буларнинг барчаси юртимиз фаровонлигига хизмат қилади.

Дилором Назирова,
Фарғона вилояти Риштон тумани
“Мискин” маҳалла фуқаролар йиғини раиси,
“Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳибаси.

ЎзА
2 899






Все о погоде - Pogoda.uz