Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.02.2017 17:43 Чоп этиш версияси

Маҳалла қадриятлар бешиги

Маҳалла қадриятлар бешиги “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа бир қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган “Маҳалла – менинг тақдиримда” кўрик-танлови билимли, истеъдодли, ўзи истиқомат қилаётган маҳалла фаолиятига бефарқ бўлмаган авлодни камолга етказишга хизмат қилиб, ёшларда ватанпарварлик, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғусини мустаҳкамламоқда.

Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида мазкур танловнинг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди. “Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам!” шиори остидаги ушбу танловнинг туман босқичида сараланган 11 жамоа маҳалла ҳаёти, тарихи, миллий ғоя, маънавият асослари ва бошқа тушунчалар доирасида ўз билим ва кўникмасини намойиш этди.

Танловнинг очилишида юртимизда ёш авлодни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол инсонлар этиб камолга етказиш, навқирон авлоднинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилган кенг имкониятлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Бу борадаги хайрли ишлар кўламини янада кенгайтиришда маҳалла институти томонидан ҳам кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилаётир.

Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Маҳалла – менинг тақдиримда” кўрик-танлови уч босқичли тизимда ўтказилиб, унда умумтаълим мактабларининг 9-синфи ҳамда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлар иштирок этди. Танловнинг маҳаллалараро саралаш босқичида 493 фуқаролар йиғини жамоалари ўртасида ўтказилди. Унда уч мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди. Танловнинг туман босқичида эса пойтахтимиздаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг 93 жамоаси билим ва тафаккурларини синовдан ўтказди. Танловнинг шаҳар босқичида жамоалар 3 шарт асосида ўзаро беллашди.

Танловнинг биринчи шартида иштирокчилар «Оила – маҳалла–таьлим муассасаси” ҳамкорлигининг аҳамияти тўғрисида тақдимотларни намойиш этди. Иккинчи шартда оила, маҳалла, таълим муассасаси ҳамкорлиги механизмини кучайтириш масалалари, соҳага тегишли меъёрий-ҳуқуқий хужжатлар ва маънавиятга оид саволларга жавоб қайтарди. Танловнинг учинчи шартида “Маҳалла – менинг тақдиримда” мавзуида иншолар танлови бўлиб ўтди.

– Танловда кўплаб дўстлар орттириб, билимларимни янада бойитдим, – дейди Адолат Зафархўжаева. – Жамоамиз билан ўзимиз истиқомат қилаётган Чилонзор туманидаги “Гавҳар” маҳалла фуқаролар йиғини, унинг тарихи ва ҳозирги фаолияти, маҳалламизда яшаб ўтган машҳур инсонларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўргандик. Шу билан бирга пойтахтимиздаги бошқа кўплаб маҳаллалар тарихи ва бугунги ҳолати ҳақида ҳам маълумотларга эга бўлдик.

Танлов натижаларига кўра, Шайхонтоҳур туманидаги “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Билимдонлар” жамоаси биринчи ўринга муносиб, деб топилди. Юнусобод туманидаги “Шарқ ҳақиқати” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Шарқ юлдузи” жамоасига иккинчи, Учтепа туманидаги “Ўткир” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Обод маҳалла” жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади. Ғолибларга диплом ва совғалар топширилди.

Гўзал Сатторова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
4 223






Все о погоде - Pogoda.uz