Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.08.2017 19:06 Чоп этиш версияси

Маҳалла – аҳолига энг яқин халқчил тузилма

Миллий матбуот марказида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши томонидан «Мустақиллик йилларида маҳалла институти: тажриба, амалиёт ва устувор вазифалар» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раисининг ўринбосарлари З.Рўзиев, А.Мирзажонов ва бошқалар мустақиллик йилларида барча соҳалар қаторида жамиятимизнинг миллий бошқарув идораси бўлган маҳалла институтини ҳар томонлама ривожлантириш, унинг жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш, самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида улкан ишлар амалга оширилганини таъкидлади. Маҳаллалар фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини сифатида юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланди. Дунёда ўхшаши йўқ ноёб тузилма – маҳалла институти шаклланди.

Маҳаллалар ҳамда улардаги жамоатчилик тузилмалари фаолиятига оид Ўзбекистон Республикасининг иккита қонуни ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар юртимиздаги 10 мингга яқин фуқаролар йиғинига дастуриламал бўлмоқда.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишда, маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантиришда муҳим тарихий қадам бўлди, – дейди Тошкент вилояти Қибрай туманидаги «Янгийўл» маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Раъно Эргашева. – Ушбу ҳужжат фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларини белгилаб берди.

Тадбирда мустақиллик йилларида тизимни ривожлантириш бўйича олиб борилган кенг кўламли ишлар маҳалла институтини ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қилгани қайд этилди. Илғор тажрибаларни янада оммалаштириш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар билдирилди. Иштирокчиларнинг мавзуга оид фикр-мулоҳазалари тингланди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
3 986






Все о погоде - Pogoda.uz